Мирко Йеличич: “Биринчи навбатда ҳакам айбдор, иккинчидан эса ўзимиз”

1 ноя 2026, 19:14
Суперлига 26-тур доирасидаги "Локомотив" — ОКМК (1:2) ўйинидан сўнг "темирйўлчилар" бош мураббийи Мирко Еличич матбуот анжуманида иштирок этди.

– Жамоамиз футбол ўйнашга тайёр эди ва ўйинни жуда яхши бошлади. Бироқ натижа бироз кўнгилсиз бўлди. Ўйлашимча, биз уч очкога муносиб эдик, аммо бирорта ҳам очко ололмадик. Бу – футбол. Баъзида яхши ўйнаб, ҳеч нарсага эриша олмайсиз, баъзида эса ёмон ўйнаб ҳам уч очкони қўлга киритиш мумкин. Бугун бизга омад кулиб боқмади.

– Шогирдларингиз ўйин охирида, худди биринчи даврадагидек, сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборди. Гол ўтказиб юборилган вазиятда футболчилар ҳакамларга эътироз билдиришди, лекин ҳакам ҳуштагигача курашмаган футболчиларнинг ўзида ҳам айб йўқми? Улар охиригача ўйнамасдан, тўхтаб қолишди. Умуман олганда, бу вазиятга қандай қарайсиз? 

– Биринчи навбатда, ҳакам айбдор, иккинчидан эса биз. Нима учун? Ҳакамнинг хатоси майдон марказида содир бўлди, бизнинг хатомиз эса ўз дарвозамиз олдида кузатилди. Демак, иккита хато бўлди. Балки ҳакам вазиятни кўрмагандир, бу меъёрий ҳолат. Мен ўша вазиятдан беш метр узоқликда турган эдим. Тўп тахминан бир метрга майдондан чиқиб кетгани яққол кўриниб турганди. Улар вазиятни қандай баҳолашади, билмадим. Технологиялар ва аниқ деталлар йўқ. Умуман олганда, тўп аниқ бир метрча аутга чиққан эди. Бундай тарзда ютқазиш алам қилади. Бу биринчи хато эди. Нима бўлганда ҳам, биз жамоа сифатида бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ҳал қилиб олишимиз зарур. 

– Ўйин турлича ўтди. Биринчи бўлим жуда қизиқарли бўлди, иккинчи бўлимда эса ҳар икки жамоанинг ҳимояси ҳужумдан устунлик қилгандек туюлди. Ҳар икки томон жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Саволим қуйидагича: Одатда “Локомотив”да захирадан футболчилар майдонга тушганда, жамоа ҳужумда кучаяди ва фаоллашади. Нима сабабдан бугунги ўйинда алмаштиришлардан сўнг жамоа рақибга етарлича босим ўтказа олмади? Бунга ОКМКнинг кўрсатган ўйини сабаб бўлдими? 

– Вазиятлар турлича бўлади. Захирада ўтирган футболчини ўйинга тайёрлаш осон эмас. Баъзида бу иш беради, баъзида эса йўқ. Бугун алмаштиришлар бизга унчалик ёрдам бермади. Биз рақибнинг ҳимоя чизиғи чарчаган ва улар юқорироқ ўйнаяпти, деб ўйладик. Шу сабабли қанотлардаги тезлик бизга ёрдам беради, деб умид қилгандик. Бироқ ҳаммаси биз хоҳлагандек бўлиб чиқмади. Асосий режамиз рақиб ҳимояси ортидаги бўш ҳудудлардан фойдаланиш учун майдонга янги кучларни тушириш эди. 

– Жамоа кубок ўйинида "Нефтчи"га бир бўлимнинг ўзида тўртта гол урган эди. Ўша чиройли ғалабадан сўнг, мана, иккинчи ўйинда жамоа ғалаба қозона олмаяпти. Ҳужумдаги имкониятлардан аввалгидек фойдалана олмаётганингизнинг сабаби нима? “Локомотив” бор кучини кубок ўйинига ишлатиб бўлдими? 

– Бунга жавоб бериш қийин. Бунинг учун “футбол худоси” бўлиш керак. Баъзида ўхшайди, баъзида йўқ. Буни маҳоратга ёки омадга йўйиш мумкин. Турли ўйинларда турлича вазиятлар бўлади. Статистика ҳар доим ҳам ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Элликта вазият яратиб, фақат битта гол уришингиз ёки умуман ура олмаслигингиз мумкин. Баъзида эса бешта вазиятдан тўрттасини голга айлантириш мумкин. Ҳаммаси вазиятга боғлиқ. Бугун ҳам, ўтган ўйиндаги каби, бизда кўплаб имкониятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. “Қизилқум” ҳимояда яхши ҳаракат қилди. Уларнинг қандай ўйнаганини ҳам тан олиш керак. Агар вазиятлар ярата олмаётган бўлсангиз, мана шуниси ёмон. Кўплаб вазиятлар яратаётганимиз эса келажакда натижа яхши бўлишига умид беради. 

– Ноябрь ойида “Андижон” билан икки марта – биттаси чемпионат доирасида ва яна бири Кубок учрашувида ўйнайсизлар. Асосий эътиборни ва кучни Кубок ўйинига қаратасизларми ёки ҳар икки ўйинга ҳам бир хил ёндашасизми? 

– Биз учун бунинг фарқи йўқ. Биз ҳар бир ўйинга бир хил ёндашамиз. Биз учун энг муҳими – жараён. Ортиқча ҳиссиётларсиз, шунчаки жараёнга ва тайёргарликка эътибор қаратамиз. Бу ўртоқлик ўйини бўладими ёки Кубок ярим финалими, биз учун фарқсиз. Биз ҳар куни имкон қадар максимал даражада тайёргарлик кўрамиз. 

– Келажакка назар ташлаб, шундай савол бермоқчиман. Сиз статистиканинг аҳамияти йўқ дедингиз, бунга қисман қўшилмайман. Сўнгги олтита ўйинда “Локомотив” ОКМКдан кетма-кет олти марта мағлубиятга учради. Ўзбекистон Кубоги финалида “Локомотив” – ОКМК қарама-қаршилиги бўлиш эҳтимоли бор. Кубокдаги мақсадларингиздан келиб чиқиб айтганда, ОКМК сизлар учун ҳақиқатан ҳам шунчалик ноқулай рақибми? 

– Йўқ, умуман ундай эмас. Биз бошқа кўплаб жамоаларни қандай баҳоласак, уларни ҳам шундай баҳолаймиз. Улар фақат очиқ футбол ўйнашга тайёр бўлган жамоалардан бири. Бугун биз уларга қарши хотиржам беш-олтита гол уришимиз керак эди, аммо уддалай олмадик. Агар Кубок финалида улар билан ўйнайдиган бўлсак, бу жуда яхши, биз учун ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўйинларга келадиган бўлсак, уларга қарши биринчи ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларда ютқазиб қўйгандик. Бугун ҳам шундай бўлди. Лекин ўйлашимча, ҳар икки ўйинда ҳам биз ушбу рақибдан кўра яхшироқ ҳаракат қилдик. Шунга қарамай, агар финалда улар билан тўқнаш келсак, биз фақат хурсанд бўламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›