"Металлург" – сокинлик бағридаги юбилей
29 июл 12:32
Янгиликлар


"Металлург" – сокинлик бағридаги юбилей
Бугун эса бутунлай бошқа кайфиятдаги мақолалар пайдо бўлмоқда. Бу бежиз эмас, вазият ўзгарди — Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионати-2026 иштирокчиси.
Мавзудан четлашмайлик, шукрки, футбол ёпилмади, аммо фаолият юритиб турган бир ўрта клубни ёпишга улгурдик. Аниқроғи, миллий чемпионатдан тажрибали ва кўп йиллик тарихга эга бўлган жамоани четлаштиришди.
Бекободнинг профессионал футбол клуби "Металлург" – тарихга жуда бой клуб: 1945 йилда ташкил этилган. 2025 йили эса клубнинг юбилейи бўлиши керак эди. Ажойиб, футбол клуби юбилей ёшида ва Ўзбекистон футбол йўналишида катта ғалабага эришган даврда тугатилди. Мана шундай: Бекобод клуби билан жимжит видолашув йил охиригача давом этади. Клуб ва унинг мухлислари 80 йил мобайнида кўп ютуқларни ва мағлубиятларни кўрдилар, афсуски, саксон йилликка бағишланган тантанани кўрмаймиз. Байрамдан маҳрум бўлдик.
Қизиқ-да, клубни ёпиш ҳақидаги қарорни ким ва қандай қабул қилган экан?! Келинг, тасаввур қилайлик: катта ва ёруғ кабинетда икки, уч, тўрт, беш нафар амалдор йиғилиб ўтирибди, ёнидаги ёрдамчилари эса тегишли ҳужжатлар тўпламини тайёрлашган ёки бугунги урф бўлган "йўл харитаси"ни ижод қилишган. Унда Суперлигамизда "Металлург" каби ўртача бир клубни босқичма-босқич йўқ қилишнинг "ижобий" ва "салбий" тарафлари обдан кўриб чиқилган.
Мутахассислар клуб ёпилишини ҳар бир жиҳатни ҳисобга олишган, ҳар бир оқибатини эътибордан четда қолдиришмаган. Амалдорлар ҳамма ҳужжатларни ва ҳар бир инсоннинг фикрини ўрганиб чиқишган, хулосаларни эшитишган ва ниҳоят энг тўғри қарор чиқаришган: "Бекобод шаҳридаги "Металлург" ПФКни ёпиш шаҳар аҳолиси ҳамда бутун минтақадаги футбол инфратузилмаси учун маънавий ва моддий жабр етказмайди. Мухлислар ҳам, Бекобод ҳам бу йўқотишни асло сезмайди".
Айрим амалдорлар учун клубни тугатиш ҳамма муаммолардан қутулиш учун мўъжизавий ечим бўлди. Тугатишни асослаш учун фойдалар рўйхатини тегишли идорага тақдим қилишган (мазкур рўйхатга бир нигоҳ ташлаш орзум).
Ҳуллас, керакли қарор қабул қилинди, бюрократик машина ишга тушди-кетди. Натижада бугун клуб деярли йўқ: "Армия (Суперлига) бир жангчини (клубни) йўқотганини пайқамади".
Кинояни бир четга суриб, "Металлург"ни Суперлигадан тушиб қолишига олиб келган қарорни ҳеч қандай мантиқий асосга эга бўлмаган ахмоқона қадам деса бўлади. Шунинг учун клубни ёпишга журъат қилган "қаҳрамонлар"га бир кўз ташлагим келади. Вақт ўтди, энди бу қарорнинг ўзбек футболи учун қанчалик зарарли эканига баҳо бериш мумкин:
Биринчидан — моддий зарар:
Бекободдда спорт инфратузилмаси деярли йўқ. Ишонмасангиз, футбол майдонларини бориб кўринг. Стадион, майдонлар, машғулот базаси ва бошқа мулклар ўз асосий вазифасини йўқотмоқда. Доимий фойдаланилмаслик оқибатида улар эскириб, вайрона бўлиб боради. Клуб тугатилишидан олдин кўплаб объектлар таъмирланиб, янгиланишга улгурган эди. Уларни таъмирлаш ва сақлашга сарфланган маблағлар энди ўзини оқламайди.
Иш ўринларининг йўқотилиши. Бекобод – иқтисодий жиҳатдан инқироз аҳволидаги шаҳар. Клубда ишлаган ўнлаб маҳаллий ходимлар ишсиз қолишди. Ахир, клуб фақат футболчилар ва мураббийдан иборат эмас. Оддатда профессонал футбол клубларида 300-350 ишчи-ходимлар меҳнат қилади: мураббийлар, администраторлар, техник ходимлар, хавфсизлик хизмати, стадионга хизмат кўрсатувчи ходимлар ўрни маҳаллий аҳоли билан тўлдирилади. Ҳатто 100 нафар янги ишсиз Бекобод иқтисодиёти учун жуда оғир юк. Клубнинг ёпилиши бу ердаги оилалар учун даромаднинг йўқолиши, натижада иш қидириб, шаҳарни тарк этаётганлар кўпаймоқда.
Маҳаллий кичик бизнес учун йўқотиш. Стадион атрофидаги савдо гўё чойда эриган шакардай йўқолди, хусусий автоташувчилар стадионга йўлни унутишди. Футбол академиясига қилинган инвестициялар, мураббийларни ўқитиш, мусобақаларда қатнашиш — энди бефойда.
Иккинчидан — маънавий зарар:
Шаҳар рамзининг йўқотилиши. "Металлург" шунчаки спорт клуби эмас, балки Бекободнинг маданий ва тарихий ўзлигининг ажралмас қисми эди. Уни ёпиш маҳаллий аҳоли учун "шаҳар қалби"нинг бир қисмини йўқотиш каби қабул қилинди.
Ёшларга урилган зарба. Бекобод ҳақиқий футбол ҳудуди эди, бу ерда ҳатто қизлар ҳам моҳирона футбол ўйнай олади. Клуб йўқ бўлиб кетиши билан маҳаллий болаларнинг "Металлург"да ўйнаш орзуси ҳам йўқолди, спортда ўсиш учун мақсад қолмади, мотивация йўқолди.
Ижтимоий бўшлиқ ҳосил бўлди. "Металлург" ўйинлари куни стадион ва унинг атрофи аҳоли учун йиғилиш жойи, турли ёш ва касб эгалари учун бирлаштирувчи жой эди. Энди эса омманинг биргаликда дам олиш ва ўз жамоаси билан фахрланиш имконияти йўқ.
Мухлислар учун руҳий зарба. Йиллар давомида клубни қўллаб-қувватлаб келган содиқ мухлислари бор эди. Улар кўп бўлмаслиги мумкин, лекин ўта жонкуярлар эди, ҳаётидаги энг ёрқин лаҳзаларини айнан клуб билан боғлашганди. "Металлург"нинг йўқолиши уларда хиёнат, ранжиш ва хўрлик туйғуларини уйғотмоқда.
Бир неча марта Бекободда Президент келиши мумкин, деган миш-мишлар тарқалди. Шаҳар аҳолиси умид билан, давлат раҳбари клубни ким ёпгани билан қизиқади, деб кутганди. Ҳозирча бу орзу амалга ошмади. Мухлислар ишонувчан халқ, энди янги умид оғушидалар: миллий футбол жамоамиз Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Балки ғалаба мухлислар орзусини рўёбга чиқарар, "Металлург" номи ўчиб кетмас, клуб тикланар...
Ахир, "Металлург"ни ёпиш оддий бир футбол жамоасининг йўқолиши эмас. Бу – вилоятдаги бутун бир шаҳарнинг ижтимоий, спорт ва иқтисодий ҳаёти учун катта инқироз.
Йўқолган шаҳар "юзи"ни тиклаш, халқ ишончини қайтариш ва клуб структурасини қайта жонлантириш учун кўп йиллар ва жиддий ҳаракатлар керак бўлади.
Шоҳида Нурматова
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Futbol Madaniy Xordiq, Zarar Nima qizigʻi bor ularni