"Мен огоҳлантиргандим" демайман, лекин...". Тебас "Манчестер Сити" ишига муносабат билдирди

Sherzod Nurmatov
28 сен 2026, 15:15
Ла Лига президенти Хавьер Тебас "Манчестер Сити"нинг АПЛ молиявий қоидаларини бузишда айбдор деб топилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг баёнот билан чиқди.

Мустақил комиссия Англия клубига қўйилган 115 та молиявий қоидабузарлик айбловининг 114 тасини исботланган деб топди. Аниқ жазо чоралари ҳозирча тасдиқланмаган. "Манчестер Сити" апелляция бериши кутилмоқда.

Тебас ҳали 2017 йилнинг сентябрь ойида Манчестердаги Soccerex анжуманида "Манчестер Сити" ва ПСЖни тилга олиб, Европа футболидаги "молиявий допинг" ҳақида очиқ гапирганини эслатди.

"Манчестер Сити" менинг баёнотларимни очиқчасига “асоссиз” ва “соф уйдирма” деб атади ҳамда менга қарши судга даъво аризаси киритиш имкониятини ўрганаётганини маълум қилди. Бу ёқимсиз эди. Аммо маълум бир позицияларни ҳимоя қилиш менга таҳдидлар, танқидлар ва кўплаб ноқулайликлар олиб келиши на биринчи ва на охирги ҳолат эди. 2017 йилдаги ўша чиқишимни ва ундан кейин содир бўлган воқеаларни ёдга олар эканман, буни “Мен огоҳлантиргандим” дейиш учун қилмаяпман. Буни шунчаки бу воқеа кўп йиллардан буён олиб бораётган курашимни жуда яхши тушунтириб бериши учун эслаяпман", – деб ёзди Тебас ўз ижтимоий тармоқларида.

Ла Лига раҳбарининг сўзларига кўра, маълум бир бадал тўлашни талаб қилса ҳам, ҳимоя қилишга арзийдиган тамойиллар мавжуд.

"Юз берган воқеалар футболнинг яхлитлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш учун нима сабабдан иқтисодий назорат, шаффофлик ва барча учун ягона қоидалар зарурлигини яна бир бор исботлайди. Биз ушбу тамойилларни ҳимоя қилишда давом этамиз. Худди 2017 йилдагидек", – дея қўшимча қилди у.

“The Athletic” маълумотларига кўра, "Манчестер Сити" энди жарима, очколарнинг олиб ташланиши, совринлардан маҳрум қилиниш ва Чемпионшипга тушириб юборилиш хавфи остида қолмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Athletic