Лутфулла Тўраев: "Таркибимизда Европада тўп тепадиган 18 нафар футболчи бўлсагина, Жаҳон чемпионатида натижа кутиш мумкин"

Iskandarov Abdulaziz
5 июл 2026, 17:35
Ўзбекистон терма жамоаси ва бир қатор маҳаллий клублар собиқ ярим ҳимоячиси Лутфулла Тўраев давом этаётган Жаҳон чемпионати таассуротлари ҳамда миллий терма жамоамизнинг иштироки борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Формат ва вақт ноқулайликлари ҳақида

— Жаҳон чемпионати ўз тарихида илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Учрашувларни жонли кузатишда фақат вақт билан боғлиқ ноқулайликлар юзага келяпти. Маълумки, мухлисларнинг аксарияти маълум бир кунлик иш тартиби (режим) асосида яшайди, баҳслар эса бизнинг вақт билан анча кеч ёки тунда бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки хусусида

— Миллий терма жамоамиз иштирокидаги учта ўйинни ҳам диққат билан кузатдим. Умуман олганда, дебют мусобақадаги иштирокимизни ёмон деб бўлмайди — йигитлар улкан тажриба орттиришди. Мазкур мундиал бизга келгуси Жаҳон чемпионатларида ижобий натижа кўрсатишимиз учун пойдевор вазифасини ўтайди.

Шу билан бирга, ҳали ўз устимизда жуда кўп ишлашимиз кераклиги яққол кўриниб қолди. Олдимизда Осиё Кубоги турибди ва асосий тилагим — футболчиларимиз ушбу муҳим турнирга жароҳатларсиз, соғ-саломат етиб боришсин. Очиғини тан олиш керак, майдонда жисмоний ҳолат, тактик интизом ва тўп билан ишлаш борасида яхшигина муаммоларимиз борлиги сезилди.

Конго ДРни мусобақадан аввал ҳеч ким менсимаётганди

— Конго ДР терма жамоаси таркибига эътибор
қаратсак, уларнинг футболчилари "Ньюкасл", "Вест Хэм", "Бёрнли", "Сандерленд", "Уотфорд", "Бетис" ва "Эспаньол" каби кучли чемпионат клубларида тўп тепади. Қачонки бизда ҳам мана шундай Европанинг топ-лигаларида фаолият юритадиган камида 18 нафар ўйинчимиз бўлса, кейин бемалол катта натижаларни талаб қилсак бўлади. Шундагина даражалар тенглашади. Ҳозирги ҳолатда эса бизни бундай даражадаги рақиблар билан солиштиришнинг имкони йўқ.

Масалан, Конго ДР Жаҳон чемпионати бошланишидан аввал ҳеч ким менсимаган эди. Аммо уларнинг Англияга қарши қандай жиддий қаршилик кўрсатганини ва биз билан баҳсда қанчалик юқори даражада кураш олиб борганига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Шундоқ ҳам ўтган мундиалда шов-шув кўтарган Марокаш терма жамоаси эса бу гал Нидерландияни мусобақадан ҳақли равишда чиқариб юборди. Германиянинг мағлубияти эса, шубҳасиз, турнирнинг энг кутилмаган совғаси бўлди.

Мусобақа фаворитлари

— Олдинда бизни фақат кескин ва кучлар тенг бўлган тўқнашувлар кутмоқда. ЖЧ-2026 бош соврини учун асосий даъвогарлар сифатида Франция, Испания, Бразилия, Аргентина ва Португалия терма жамоаларини кўрсатган бўлардим.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›