"Лугано" бош мураббийи Беҳруз Каримовнинг ҳолатига тўхталиб ўтди

Aslanov Jasurbek
7 окт 2026, 13:09
Швейцариянинг "Лугано" клуби ФИФА кунлари доирасидаги танаффус вақтида Италиянинг "Эллас Верона" жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

"AIL Arena"да ўтган мазкур баҳс натижаси жамоа бош мураббийи Маттиа Крочи-Торти учун иккинчи даражали бўлди. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад – кам ўйнаётган ва жароҳатдан қайтган футболчиларга ўйин амалиёти тақдим этиш ҳамда жамоани юқори жисмоний босимга, еврокубоклардаги яккама-якка курашларга тайёрлашдир.

Мураббий ўз интервьюсида айни пайтда миллий терма жамоалар ихтиёрида бўлиб турган легионерлар, хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Лугано" ҳимоячиси Беҳруз Каримов ҳақида фикр билдирди.

"Монкада, Каримов ва Делькруа терма жамоалари сафида аллақачон учтадан ўйинда майдонга тушиб улгурди. Улар клубга қайтганидан сўнг қандай жисмоний ҳолатда эканини баҳолаймиз ва шунга асосланиб, шанба кунги баҳс учун энг тўғри қарорни қабул қиламиз", – деди Крочи-Торти.

"Лугано"ни олдинда ўта тиғиз тақвим кутмоқда. Жамоа қисқа муддатли дам олишдан сўнг ички чемпионат доирасида "Люцерн"га қарши уй учрашувига тайёргарликни бошлайди. Мураббийнинг қайд этишича, кейинги 30 кун ичида жамоа учта турли фронтда ҳар уч кунда майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: fclugano.com

Сўнгги янгиликлар

Барча ›