Сергей Лушчан: "Ҳужумда ҳеч нарса ўхшамаяпти"

Aslanov Jasurbek
21 ноя 2026, 22:04
Суперлига 28-турдан ўрин олган "Насаф" – "Машъал" учрашувидан сўнг "Машъал" бош мураббийи Сергей Лушчан матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бўлиши керак бўлган воқеа юз берди. Даража ўз сўзини айтди. Бир ярим тайм ёмон ҳимояланмадик, фақат ҳужумда ҳеч нарса ўхшамаяпти. Ҳаракат қилишда давом этамиз.

- Голдан кейин иккита ўзгаришни амалга оширдингиз. Бу қанчалик наф берди?
- Мағлубиятга учраганимизни ҳисобга олсак, деярли наф бермади. Захирамизда асосан ёшлар ва уларга ишонамиз. Бизда ёшларни ўйнатиш бўйича режа бор ва шунга қараб ишлаяпмиз. Балки келаси йил таркиб юз фоиз ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Нега ёшлар асосий таркибда тушмади? Чунки яқинда U-19 чемпионати ўтказилди ва ёшларимизнинг асоси шу мусобақада иштирок этди. Сафимизда U-19дан 5-6 футболчи бор.

- 2026 йил Суперлигада нималар ўзгарганини сездингиз? Легионерлар бўйича қандай қадам ташланди?
- Мен ҳамманинг номидан гапира олмайман. Албатта, ўзимизда қанча кўп легионер бўлса шунча яхши. Лекин топ даражадаги легионерларни ола олмаймиз. Бунга молиявий ҳолат тўсқинлик қилади деб ўйлайман. Легионер танлашда етти ўлчаб бир кесиш керак. Чунки мамлакатимизда 90 фоиз болалар футбол ўйнашни хоҳлайди. Четдан келаётган футболчи кучли бўлмаса ўзимизникиларни ўйнатиш керак.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia