Ла Лига киберҳужум ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққанини маълум қилди

Sherzod Nurmatov
23 ноя 2026, 19:50
Ла Лига 14-16 ноябрь кунлари оралиғида киберҳужумлар қурбонига айланганини тасдиқлади.

Хабар қилинишича, номаълум шахс лига ва айрим клубларнинг рақамли сервисларида рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган.

Лига раҳбариятининг тасдиқлашича, хавфсизлик хизмати кириш манбаини аниқлаган.

“16 ноябрь куни ҳужумни тўхтатиш, маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олиш ва бузғунчини блоклаш учун барча зарур чоралар кўрилди. Ҳодиса фақат ушбу платформа билан чекланди ва Ла Лиганинг қолган тизимларига таъсир қилмади, шунингдек, мусобақалар жараёнига ҳам халақит бермади.

Биз ҳар қандай янги ҳужум уринишларини аниқлаш ва Ла Лига рақамли сервисларининг максимал хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тизимлар мониторингини кучайтирдик”, – дея лига матбуот хизмати баёнотидан иқтибос келтирди AS.

Ушбу ҳужум ҳақида Испания маълумотларни ҳимоя қилиш агентлиги (AEPD) аллақачон хабардор қилинган, шунингдек, ҳодиса юзасидан тергов олиб бораётган Миллий полициянинг кибержиноятчиликка қарши кураш марказий бошқармасига ариза топширилган. Бундан ташқари, вазиятдан зарар кўрган клублар ҳам огоҳлантирилган.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: AS

Сўнгги янгиликлар

Барча ›