Кроос Саудия Арабистони лигасини танқид қилди: "Роналдусиз уни яна унутишади"

Sherzod Nurmatov
10 фев 2026, 19:25
Мадриднинг "Реал" жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Тони Кроос Криштиану Роналду атрофидаги вазият ва португалиялик футболчининг Саудия Арабистонидаги ўйинларни бойкот қилиши эҳтимоли ҳақида фикр билдирди.

Собиқ футболчининг сўзларига кўра, чемпионатни бутун дунёга танитган ўйинчига Саудия Арабистони Про лигасида бундай муносабатда бўлинаётганидан ҳайратда эканини айтди.

"Саудия Арабистони лигаси — жуда ғалати жой. Криштиану келгунга қадар у ҳақда деярли ҳеч ким гапирмасди, ҳозир эса чемпионатга глобал эътиборни жалб қилган инсонга нисбатан ҳурматсизликка йўл қўйишяпти. Очигини айтсам, агар Роналду лигадан кетса, унга бўлган қизиқиш яна йўқолади", – деди Кроос.

Аввалроқ ОАВда 40 ёшли ҳужумчининг Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси фаолиятидан норози экани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ушбу жамғарма мамлакатдаги бир нечта топ-клубларни назорат қилади. Хабар қилинишича, Роналдуни "Ал Насср"нинг қишки трансфердаги қадамлари қониқтирмаган, чунки улар жамоанинг эълон қилинган амбицияларига мос келмайди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Marca