

– Бугунги ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Бугун бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимдаги режамиз, яъни қарши ҳужумлар орқали олдинга ўтиш мақсадимиз, афсуски, баъзи вазиятларда ўхшамади, бизга сўнгги узатма етишмади. Умуман олганда эса, йигитларнинг ўйинидан қониқдим, улар майдонда ўзларини тўлиқ бағишлаб ҳаракат қилишди. Уларга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман, кўзларида ўт чақнаб тургани, ғалаба қозонишни чин дилдан истаганлари билиниб турди. Бироқ, минг афсуски, ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди. Нима бўлган тақдирда ҳам, уларга раҳмат айтаман. Бугун ўз мухлисларимиз олдида юзимизни ёруғ қила олмаганимиздан афсусдамиз. Худо хоҳласа, кейинги ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўрамиз ва ижобий натижа қайд этамиз.
– Қаранг, биринчи бўлимда дарвозабонимиз тўпни ўз майдончамизга ташлаб бераётган эди, уларнинг дарвозабони эса ҳимоя чизиғини четлаб ўтиб, тўпни тўғридан-тўғри ҳужум зонасига етказиб берди. Иккинчи бўлимда бизникилар ҳам шундай ҳаракат қила бошлади ва ўйин кескинлашди. Муаммо нимада эди, нега бошидан шундай ўйнаш мумкин эмасди?
– Сиз айтаётган ҳолат бўйича шуни айтишим мумкинки... Биз ҳимоя чизиғидан ҳужум зонасига паслар орқали чиқишга ҳаракат қилдик. Лекин, афсуски, баъзи вазиятларда бу амалга ошмади ва биз тўпни йўқотдик. Биринчи таймда яккакурашларда ютқаздик ва қайтган тўпларни эгаллашга улгурмадик. Рақиб жуда юқори прессинг қилгани сабабли, уларнинг узатмалари ўтиб кетаверди. Аслида эса, мен дарвозабонга узун узатмаларни амалга оширмасликни, аксинча, ўйинни қисқа ва ўрта паслар орқали бошлашни тайинлаган эдим. Чунки рақиб сафида Маматказин каби бўйдор футбочи борлигини билардим ва биз юқори қаватдаги деярли барча курашларни бой бердик. Рақиб “иккинчи қават”да тўлиқ устунлик қилди, биз эса қайтган тўпларни олишга улгурмадик. Иккинчи таймда паслар орқали тўпни назорат қила бошладик, қанот узатмалари орқали ҳужумга ўтдик. Мен йигитларга узун узатмаларни имкон қадар камайтириб, ҳимоядан ҳужумга қисқа ва ўрта паслар орқали ўтишни уқтиришга ҳаракат қилдим.
– Сиз жамоа ўйинидан қониққанингизни ва йигитларга раҳмат айтаётганингизни таъкидладингиз. Нима учун раҳмат? Мағлуб бўлишгани учунми? Бу бироз тушунарсиз.
– Унда мен нима дейишим керак?
– Яъни бунга бироз танқидий ёндашиш керак, демоқчиман.
– Бунинг нима кераги бор? Танқидни ўзим ҳал қиламан. Бизда назарий машғулотлар бор, у ерда хато-камчиликларни уларга тушунтираман. Нима бўлганда ҳам, йигитлар ўйнаяпти ва қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти. Сиз доим вазиятга салбий томондан қарайсиз... Сиз шунчаки футболни нотўғри таҳлил қиляпсиз. Бизнинг фикримиз бошқача. Яна бир бор қайтараман: сиз футболни нотўғри кўряпсиз. Ўтган сафар ҳам ноўрин саволлар берган эдингиз. Йигитлар ҳаракат қилишди, борини беришди. “Навбахор” жамоаси турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда, уларнинг савияси юқорироқ эканлиги кўриниб турибди. Ҳозир мен ўз футболчиларимни нима қилишим керак? Мен учун шогирдларим – ҳар доим энг яхшилари. Мағлубиятга учраган бўлсак ҳам, доим шундай деб ҳисоблаганман ва шундай бўлиб қолади. Нима бўлган тақдирда ҳам, жамоа ютқазмади, мураббий сифатида мен ютқаздим. Шу сабабли мен ҳеч қачон футболчиларни айбламайман. Вақти-соати келади, улар билан гаплашиб, хатоларини кўрсатиб ўтаман. Аммо ҳозир бу нарсаларни оммага олиб чиқиб муҳокама қилишнинг нима кераги бор?
– Жигаурининг йўқлиги қанчалик билинди?
– Албатта, бу яққол сезилди. Жигаурининг бугун майдонга тушмагани ўйинга ўз таъсирини ўтказди. Унинг ўрни чиндан ҳам билинди, чунки у етакчилик хусусиятига эга, шунчаки жамоа сардори эмас. Ушбу дисквалификация ва яна бир қатор жароҳат олган футболчиларимизнинг борлиги – афсуски, улар бу ўйинда бизга ёрдам бера олишмади – жамоамиз учун энг катта йўқотишлардан бири бўлди.
– Дарвозабон ҳақида савол бермоқчи эдим. Мавсум бошидан бери сейвлар статистикаси бўйича у ишончли ҳаракат қилиб келаётган эди, лекин бугун яқин бурчакдан гол ўтказиб юборди. Дарвозабон ҳақида нима дея оласиз, у ўзини оқладими?
– Ҳамма хато қилади, барчада хато бўлади. Тўғри, шундай гол ўтказиб юборилди ва унинг хатосини ҳам инкор этиб бўлмайди. Унинг ўзи ҳам буни тушуниб турибди. Вазият кўринмади, чунки футболчилар жуда зич жойлашишганди, рақиб ўйинчилар орасидан зарба йўллади ва тўп дарвозабонга кўринмай қолди. Бунинг устига, тўп дарвоза устунига тегиб ўтди. Бу вазиятда шунчаки ўхшамади, дейиш мумкин. Бўлиб туради, дарвозабонлар ҳам хато қилади. Футбол шуниси билан ҳам қизиқки, ким кўпроқ хато қилса, ўша мағлуб бўлади. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўтган ўйинлардаги ишончли ҳаракатлари ва ажойиб сейвлари учун унга раҳмат. Аммо футболда мана шундай ҳолатлар ҳам учраб туради.
– Кейинги ўйинлардан кутаётган умидларингиз ҳақида сўрамоқчи эдим. Бугун майдонда Рўзиев, Жигаури йўқ эди ва натижада ҳужумда кескинлик етишмади. Кейинги ОКМК ва ундан кейинги “Пахтакор”га қарши ўйинлардан қандай натижалар кутяпсиз?
– Яна бир бор таъкидлайман: биз ҳар доим майдонга ғалаба учун тушамиз. Ҳар қандай мураббий ёки футболчи доим ғалаба қозонишни истайди, бу табиий ҳолат. Лекин савия деган тушунча бор. “Навбахор” ҳам бежизга учинчи ўринда бораётгани йўқ, уларнинг таркибида ўйин тақдирини ҳал қила оладиган юқори савияли футболчилар жамланган. Тўғри, бизда Рўзиев ва Раҳматуллаев жароҳат олган, Жигаури қизил карточка сабабли майдонга туша олмади. Мана, бугун қанча асосий футболчиларимиз йўқ эди. Ўзингиз яхши биласиз, Раҳматуллаев ҳам, Рўзиев ва Жигаури ҳам асосий таркиб ўйинчилари саналади. Уларнинг йўқлиги ўйинга ўз таъсирини ўтказди. Лекин биз бошқаларга ҳам имконият бердик. Тўғри, биз бугун у қадар томошабоп футбол намойиш эта олмадик. Кўпроқ ҳимоядан ўйнаб, қарши ҳужумларга таяндик ва бу қисман ўхшади ҳам. Кейинги ўйинларга ҳам худди шундай умид билан тайёргарлик кўрамиз, чунки кураш ҳали тугагани йўқ. ОКМК, “Пахтакор” ва “Бунёдкор”га қарши ўйинларга максимал даражада тайёрланамиз. Олдинда учта ўйин қолди. Ўзингиз кўриб турибсиз, барча жамоалар охиригача курашяпти. Ҳатто ҳеч қандай имконияти қолмаган “Машъал” ҳам дуранг ўйнаб, охиригача жанг қилмоқда. Шунинг учун айтаманки: бу – футбол. Бу ерда савия ўз сўзини айтади, қаердадир хатоларга йўл қўйилади. Рақибга зарба бериш учун бўш ҳудуд қолдирдик ва гол ўтказиб юбордик. Лекин уларда бошқа бундай яққол хавфли вазиятлар бўлмади. Тўғри, улар тўпни эни ва бўйига назорат қилишди, дарвозага бир-икки марта зарба йўллашди (бир марта тўп тўсинга тегди), аммо тўлиқ устунлик қилишмади. Нима бўлган тақдирда ҳам, доим айтганман ва яна қайтараман: майдонда мўъжизани футболчилар яратади. Биз майдон ташқарисида ўтириб томоша қиламиз, четдан туриб муҳокама қилиш ҳар доим осон: “буниси у ёққа югурди, униси бу ёққа”. Аммо ўзингиз майдонга тушиб 10 дақиқа югуриб кўрсангиз, буни дарҳол ҳис қиласиз. Шунинг учун йигитлар қўлларидан келган барча ишни, максимум ҳаракатни амалга оширишди ва мен уларни тўғри тушунаман. Ҳозир келиб уларни айбдор қилиш эса ноўрин. Яна қайтараман: жамоа ютқаздими, демак, мураббий сифатида мен ниманидир нотўғри қилганман. Балки тайёргарлик жараёнида хато қилгандирман, балки таркиб танлашда адашгандирман – бу ерда омиллар жуда кўп. Агар мен ҳамма нарсани олдиндан билганимда, эҳтимол, бу ерда ишламаган бўлардим. Барчасини олдиндан кўра билиш имконсиз, чунки футбол – бу 90 дақиқа ичида майдонда содир бўладиган миллионлаб ҳаракатлар мажмуидир. Ҳар бир ҳаракатни олдиндан сеза билиш эса футболчининг савиясига боғлиқ. Мен футболчиларга уларнинг фидойилиги учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа, кейинги ўйинга ҳам худди шундай масъулият билан тайёргарлик кўрамиз.
– Жигаури нечта ўйинга дисквалификация қилинди?
– Иккита ўйинга.
– Демак, ОКМК билан бўладиган ўйинда у қатнашмайди?
– Ҳа, ОКМК билан ўйинда у майдонга тушмайди, лекин “Пахтакор” ва “Бунёдкор”га қарши учрашувларда иштирок эта олади.





