Иван Бошкович: "Таслим бўлмаймиз"

Aslanov Jasurbek
9 сен 2026, 23:05
"Насаф" ҳамда "Бунёдкор" ўртасидаги Суперлига баҳсидан (3:0) сўнг меҳмонлар устози Иван Бошкович матбуот анжуманида иштирок этди.

Иван Бошкович: “Рақиб яхши формада. Муносиб қаршилик кўрсатишга, ўйинда ўзгаришлар қилишга уриндик. Бир нечта яхши вазиятларга эга бўлдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Таслим бўлмаймиз, ўйинни яхшилаш, йигитлар руҳини кўтариш учун ҳали вақт бор”.

- “Бунёдкор”га таклифни қандай қабул қилдингиз?
- “Бунёдкор” менга мураббий сифатида ўсишга ёрдам берган. Жамоани қийин пайтда ташлаб қўймоқчи эмасман. “Бунёдкор” яхшироғига муносиб. Ҳозир нолийдиган вақт эмас, ҳаракат қилиш керак. Бутун мамлакат жамоа қайтишига ёрдам беради деб умид қиламан. Клуб академияси кўплаб сифатли футболчиларни етиштириб берган. “Бунёдкор” қайтишига ишонаман.

- Зейтуллаев жамоани тарк этди, ўрнига сиз келдингиз. “Бунёдкор”нинг эртанги тақдири қандай бўлади деб ўйлайсиз?
- Жамоанинг молиявий ҳолати ҳақида биламиз. Аммо мен мураббийман, мендан талаб қилинга барча ишни қиламан. Раҳбарият билан ҳам муҳокамалар бўляпти. Таслим бўлмаймиз.

- Бир неча ойлаб маош олмаётган футболчиларни бошқариш қийин эмасми?
- Жамоада қолганлар нолимасдан, футбол ўйнаш учун қолишди. Кетадиганлар ортиқча гапларсиз “Бунёдкор”ни тарк этишди.

- Иккинчи бўлимда “Бунёдкор” футболчилари биринчи таймдан яхшироқ ҳаракат қилишди. Танаффусда нималар дедингиз?
- Одам қийин вақтда ўсади. Улар таслим бўлишни хоҳлашмади ва охиригача курашишди. Эркинроқ ўйнадик.

- “Бунёдкор”да ўз штабингизни йиға олдингизми?
- Жамоада қолганлар билан ишлаяпман. Ҳаммамиз “Бунёдкор”ни қутқариш учун ҳаракат қиляпмиз. Халқ ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшади деган умиддаман.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia