Иван Бошкович: "Яхши рақибга қарши қийин учрашувни ўтказдик"

16 окт 2026, 23:15
Суперлига 24-турдан ўрин олган "Бунёдкор" – "Сўғдиёна" учрашувидан сўнг "Бунёдкор" бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Яхши рақибга қарши қийин учрашувни ўтказдик. "Сўғдиёна" ўз стадионида яхши ўйин намойиш этишини билардик. Асосий эътиборни ҳимояга қаратишимизга тўғри келди. Биринчи таймда негадир ўз ўйинимизни кўрсата олмадик, бунинг устига гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда ўйлайманки, ўзимизга келиб олдик. Вазиятлар бўлди, ҳисобни эртароқ тенглаштиришимиз мумкин эди. Асосан қанотлар орқали ҳужум қилдик, ҳушёрликни қўлдан чиқармасликка интилдик. Баҳс охирида стандарт вазиятга эга бўлиб ҳисобни тенглаштирдик. Муҳими, мағлубиятга учрамадик, қўлга киритилган бир очко қанчалик фойда келтиришини кейинги ўйинларда кўрамиз.

- Сардор Раҳмонов алмаштирилиши жароҳат билан боғлиқ бўлдими?
- Ҳа, шундай. У жароҳат олди ва ўйинни давом эттира олмаслигини кўрдик. Жароҳат қанчалик жиддийлигини шифокорлар хулосасидан сўнг биламиз.

- Катта эҳтимол Раҳмонов кейинги ўйинда майдонга тушмайди. Агар у яна майдонга қайтса, ҳимоя марказида ким ўйнайди?
- Кўрамиз. Аввал Сардор Раҳмонов сафимизга қайтсин. У тажрибали футболчи, юқори лигада кўп ўйинларни ўтказган. Унда етакчилик хусусиятлари кучли.

- Матия Кривокапич захирадан тушди ва кўриниб турибдики, у яхши спорт формасида эмас. У оғир ҳаракат қилди, курашларни ютқазди. Лекин гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Бу футболчи қачон яхши спорт формасига киради?
- Матия деярли икки ойни ўтказиб юборди. Шу боис ҳозир оптимал формада эмас. Музаффар Олимжонов билан Наримон Аҳмаджонов ҳам бир қанча муддат ўйнамади. Фақат ўйин орқали футболчилар спорт формасига кириб боради. Шунингдек, машғулотлар жараёни ҳам муҳим ўрин тутади.

- Бугун гол урган Самандар Мавлонқулов биринчи даврани "Бунёдкор"да ўтказганди. Бугун эса ўзининг собиқ жамоасига тўп киритди.
- Ҳар бир футболчи майдонга тушиб ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу нормал ҳолат. Ўз навбатида мен Жиззахда ишлаганман, лекин бугун ютишни хоҳлагандик. Футбол шуниси билан қизиқ. Биз ҳар бир баҳсга жиддий тайёргарлик кўрамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›