Гави Вальверде ва Тчуамени ўртасидаги муштлашув ҳақида: "Орельенни "Класико"да майдонга тушириш хато эди"

Aslanov Jasurbek
20 май 2026, 18:47
"Барселона" ярим ҳимоячиси Гавининг фикрича, "Реал" бош мураббийи Альваро Арбелоа Федерико Вальверде билан муштлашиб кетганидан сўнг Орельен Тчуаменини "Класико"да майдонга туширмаслиги керак эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Реал"нинг 7 май кунги машғулотида футболчилар ўзаро муштлашиб кетишгани, натижада Вальверде шифохонага ётқизилиб, унга чоклар қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Клуб ҳар икки ўйинчини 500 минг евродан жаримага тортган.

Вальверде ушбу жанжал оқибатида олган бош мия жароҳати туфайли "Класико"ни ўтказиб юборди. Тчуамени эса Ла Лиганинг 35-туридан ўрин олган ва "Барселона"нинг чемпионликни расмийлаштириши билан якунланган учрашувда (0:2) "Реал" бошланғич таркибида майдонга тушди.

"Менимча, машғулотларда эртами-кечми жамоадошлар ўртасида бундай тўқнашувлар барибир содир бўлиб туради — бу рақобат ва қайсидир маънода бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо агар иш муштлашувгача етиб борса, унда мураббий бундай ўйинчиларни майдонга туширмаслиги лозим.

Агар улар ҳақиқатан ҳам уришишган бўлса, фикримча, Тчуаменини қайдномага киритиш ва уни ўйинга ташлаш хато бўлди. Бироқ воқеа аслида қандай юз берганидан тўлиқ хабардор эмасман", - деди Гави.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Mundo Deportivo

Сўнгги янгиликлар

Барча ›