Фабио Каннаваро: "Роналду тарихдаги энг яхши ҳужумчи, аммо фақат Роналдуга қарши ўйнаймаймиз. Жисмоний кўрсаткичларга қарашни ёқтирмайман"

Абдулвосит Бектемиров
23 июн 2026, 07:50
Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 2-туридан ўрин олган Португалияга қарши учрашувдан олдинги матбуот анжуманида иштирок этди.

“Рақибимиз Жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Агар Португалия жамоасини таҳлил қилиб кўрсангиз, уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, дунёнинг энг яхши ярим ҳимоя чизиқларидан бирига эга, шунингдек футбол тарихидаги энг яхши ҳужумчи ҳам шу жамоада ўйнайди.

Биз Жаҳон чемпионатидамиз, жамоа сифатида ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур. Чунки ижобий натижа билан майдонни тарк этишнинг ягона йўли шу.

Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Шунингдек, учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Чунки имкон қадар тезроқ ўйинни ўз фойдасига буришни, ҳимояни ёриб ўтишни исташади.

Шундан келиб чиқиб биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Футбол шундай ўйин. Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз. Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз.

Аввал ҳам айтганимдек, биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири, бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор. Шунга қарамай, жарима майдонида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. У стандарт вазиятларда ҳам, ўйин давомида ҳам исталган пайт гол уришга қодир. Шу боис бутун ўйин давомида максимал даражада диққатли бўлишимиз керак.

Жамоага келганимиздан буён асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилди. Айрим футболчилар турли чемпионатларда ўйнаган, баъзиларида эса маълум муаммолар мавжуд эди. Шунга қарамай, сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим. Жамоа учрашувни юқори темпда якунлади ва барча ўзини яхши ҳис қилди.

Албатта, статистикаларни таҳлил қилиш осон эмас. Масалан, тўпнинг ҳаракат тезлигига қарасангиз, футболчиларнинг техник маҳорати қанчалик юқори эканини тушунишингиз мумкин. Мен фақат жисмоний кўрсаткичларга қарашни ёқтирмайман. Чунки якунда энг муҳими — тўпни қандай назорат қилишингиз, қандай узатишингиз ва уни қанчалик кам йўқотишингиздир.

Менимча, агар сиз ўйин давомида тўпни 20 марта йўқотсангиз, уни қайтариб олиш учун 20 марта югуришингизга тўғри келади. Бу эса жуда муҳим омил. Португалиянинг статистикаси эса, албатта, кўп жиҳатлар бўйича юқори даражада. Биз буни биламиз ва таҳлил қилиб чиқдик. Шу билан бирга, биз майдонда тартибсиз равишда ҳар томонга югуриб юришимиз керак эмас. Масала кўп югуришда эмас, тўғри югуришда. Тўпни йўқотмаслик ва уни қаерда қайтариб олишни билиш муҳим”, - деди Фабио Каннаваро матбуот анжумани давомида.

пресса португалл.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›