

"Барчага салом. Мундиални кутиб яшаяпмиз. АҚШга етиб олишни кутмоқдамиз.
Бу ерга келганимдан бери барчага эшикларни очиқ деганман. Кимдир яхши формада, кимдир йўқ. Баъзи футболчиларимиз мусобақани ўткзиб юборишади. Мен чақирмаган йигитлар мени етарлича ишонтира олмагандир. Кимдир жароҳатда тўғри, аммо мен ўзим ишонган футболчиларимни чақирганман”, – деди Каннаваро.

- Италия терма жамоасида мураббийлар кўпроқ жисмоний ҳолатларга эътибор беришган. Айни пайтда кўпчиликни ўйлантираётган савол футболчиларнинг жисмоний ҳолати қандай? Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий нималар демоқда? Футболда жисмоний ҳолат энг муҳим жиҳатлардан бири…
- Тўғри. Биз бу ерга келганимиздан бери ушбу муаммога эътибор беряпмиз. Шунинг учун ҳам Ассоциациядан Суперлигани бир муддатга тўхтатиб туришни илтимос қилдим. Ўтган ҳафта йиғинни бошладик. Йигитлар қийналишмоқда, лекин яхши жиҳат шундаки, улар таслим бўлишмаяпти, меҳнат қилишда давом этишмоқда. Мен бу ерга келганимдан бери футболчиларга энг яхши йўлни ва ечимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. ЎФАга раҳмат, барча илтимосларимга лаббай деб жавоб бермоқда. Яна қўшимча мутахассисларни жалб эта олдик.
Топ жамоаларга қарши меҳнат қилмасдан натижага эришишнинг иложи йўқ. Югурмайдиган футболчилар ғалаба қозона олмайди.
- Азиз Турғунбоев нега МТЖга жалб этилмади? Жисмоний ҳолатими ёки бошқа сабаб?
- Азиз билан гаплашдим. У жароҳат олганида тезроқ жисмоний ҳолатини яхшилаши кераклигини айтдим. Ўйинларда унинг тана ҳаракатларини кўрмадим. Мен учун футболчилар "мессеж" беришлари керак. Бу – футбол. Айрим вазиятда кимнидир танлашга тўғри келади. Агар Азиз менинг фикримни ўзгартира олса, мен уни яна терма жамоага чақираман. Муаммо йўқ.

- Танланган рақиблар ҳақида гапириб ўтсангиз. Айнан ушбу рақибларни ўзингиз танладингизми?
- Биз Эрматов билан кўп гаплашамиз. Шунинг учун яхши рақибларни танлашга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар доим кучлилар билан ўйнашимиз муҳим. Кўплаб терма жамоалар бизга таклиф билан чиқишди. Канадани танлаганимизнинг сабаби улар маҳаллий жамоа. Нидерландия эса Европадаги энг топ жамоалардан бири. Бизнинг тақвимимиз футболчиларни босқичма босқич кучайтириб боришга қаратилган.

- Суперлигадаги интенсивлик жуда паст. Жисмоний ҳолатимизни яхшилашимиз керак деб айтиб келмоқдасиз, аммо жорий йиғинга чақирилган футболчилар орасида жароҳатланганлар бор. "Лазарет"даги йигитлар майдонга қайтганида яхши спорт формада бўлмаслиги аниқ. Биз эса Португалия ва Колумбия билан ўйнаймиз. Улар шунчаки даҳшатли даражада. Уларга қарши кечадиган ўйинда яхши маънода "ит" каби югуриш керак бўлади. Шунда савол туғилади, жароҳатланган футболчиларни чақириб, нимани кўзлаяпсиз? Уларни мундиалгача тиклай оласизми?
- Улар мен билан бирга бўлгани яхшироқ. Мен билан деганимда нимани назарда тутяпман? Ассоциация ва менинг штабим назорати остида бўлишини. Нимага? Менинг штабимдаги мутахассислар ўз ишининг устаси. Улар ҳақиқий професионаллар. Жаҳон чемпионати каби бир турнир давомида энг яхши мутахассислар билан ишлаш муҳим. Бу биринчи сабаб.
Биламан, ҳозирги кунда қайсидир футболчи 100% тайёр эмасдир ёки ўзининг энг яхши ҳолатида эмасдир. Мисол учун, Машарипов. Мен Машариповни мундиалга олиб бориш учун боримни бериб ҳаракат қиламан. Нега? Чунки у кийиниш хонасидаги муҳим шахс. Жамоа учун муҳим футболчи. Мен терма жамоага келганимдан бери Машарипов бир дақиқа ҳам ўйнамаган бўлишига қарамай. У жамоа етакчиси. Мен у билан кўп маротаба гаплашдим. Футболчилар ҳам шундай бўлиши керак. Футболчилар менга шундай иштиёқни кўрсата олиши. Терма жамоага чақирилиши кераклигини исботлаши керак. Менга бир нима кўрсатинглар. Шу сабаб, йиғинга шу футболчиларни чақирдим. Тўғри, уларнинг орасида жароҳатланганлар бор. Жароҳат олган футболчилар якуний рўйхатдан жой оладими ёки йўқ, уни билмайман. Вақт кўрсатади.
Кейин эса якуний қарорни қабул қиламан. Мен йигитларни энг яхши фитнесс мураббий ва бошқа мутахассислар қўл остида тикланишини таъминлайман.
- Менга майдонда жангчи футболчилар керак, деган эдингиз. Сизнинг даврингиздаги Италия терма жамоасида шундай футболчилар кўп эди. Масалан, Женнаро Гаттузо. Ҳозирги йиғилган таркибда қайси футболчиларни шундай характерга эга деган бўлардингиз? Етарлича "жангчи"ларни йиға олдингизми?
- Менинг давримдаги Италия билан ҳозирги жамоани таққослаш нотўғри. Йигитларнинг ёндашувидан кўнглим тўқ. Энг муҳим жиҳат ҳеч қайси вазиятда енгилмасликка интилиш. Қўпол қилиб айтганда "ит" каби ҳаракатланиш. Ҳар бир вазиятни охиригача етказиш ва жанг қилиш. Колумбия ва Португалияни техника бўйича енга олмаймиз. Тўпга эгалик қилганимизда эса ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилишимиз керак.
- Суперлига ва Европа топ чемпионатлари ўртасидаги фарқ катта деган эдингиз. Ҳозирги вақтда фақатгина Ҳусанов ва Шомуродов яхши формада деб ўйлайман. Қолган лидерларимиз — Ҳамробеков, Ашурматов кабилар ўйин амалиётисиз қолиб кетган. Бир ой вақт қолди. Улар мундиалга қадар ўз формасига қайта оладими?
- Имкон қадар ҳаракат қиламиз, аммо уларни мажбурлаб юбориимиз ҳам керак эмас. Мен докторлар, нутрициологлар билан уларни тиклашга ҳаракат қиламиз. Бизда икки ойдан бери ўйнамаётган Эрондаги йигитлар бор. Ҳолатимиз зўр эмас. Фақатгина ишлаш, ишлаш, ишлаш.
- ЖЧдан нима кутайлик?
- Мен бу ерга келганимдан бери ҳамма шу саволни беради. Кимдир мундиални ютишни ҳам сўради. Бир нарсани тушунайлик, бу биринчиси. Футболчиларга босим керак эмас. Бир нарса қилишимиз керак, майдонга боримизни беришимиз ва барчасини майдонда ташлаб кетишимиз. Майдонда барчасини кўрсатсак, ҳеч нарсадан афсусланмаймиз. Ҳаммасини майдонга ташлаш. ЎЗбекистонликлар шуни тушунинглар, биз Европа ва Лотин Америкаси жамоаларига қарши ўйнаймиз. Бу осон эмас. Биринчиси, яна такрорлайман, биринчиси. Бизнинг йўқотадиган нарсамиз йўқ. Вазиятдан баҳра олиб, майдонда боримизни берайлик. Натижани кафотламайман, аммо футболчилар борини беришади.
- Сиз кўпинча ҳимояда эксперимент қиляпсиз. Шу сабабли ҳимоядаги хатолар кузатилди. Уларнинг олдини олиш учун нималар қиляпсиз?
- Шу пайтгача учта марказий ҳимоячи билан ўйнаб келяпмиз. Менга қадар Кападзе ва Катанец шундай тактикада ўйнаб келган. Тактикани ўзгартиришим нотўғри бўларди. Натижа олиб келган нарсани ўзгартириш аҳмоқлик. Рақибдан келиб чиқиб, тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнашимиз ҳам мумкин. Ҳаммаси ўйин қандай кечишига боғлиқ.
- Жаҳон чемпионати каби катта мусобақада ҳар бир деталь катта аҳамиятга эга. Стандарт вазиятларга алоҳида тайёргарлик кўриляптими?
- Стандарт вазиятлар жуда ҳам муҳим. Статистикага кўра, бир мавсумда 15-20 та голни стандарт орқали уриш мумкин. Бу жуда яхши жабҳа.
- Италия ҳам мундиалда Ўзбекистонга мухлислик қиладими? ЖЧдан олдин мухлисларга нима дейсиз?
- Италияликлар Анчелотти учун Бразилияга, Монтелла учун Туркияга ва бизга мухлислик қилишади. Кўплаб ватандошларим бизга мухлислик қилишига умид қиламан.
ЖЧ фаворитлари? Мундиалда мен учун асосий фаворитлардан бири — Франция терма жамоаси. Бундан ташқари, иккита кучли таркибга эга Португалия ҳам фаворит бўлади. Бундан ташқари, Аргентина ҳамда Бразилияни ҳам унутмаслик керак. Ва Англия ҳам кучли.
- Машарипов бошқа даража ва бошқа кейс, бироқ терма жамоада жароҳатланган бошқа футболчилар Беҳруз Каримов, Абдулла Абдуллаев ва Ҳусайн Норчаев ҳақида айтмоқчиман. Улар қайдномадаги 40 ўриндан 3 тасини банд қилишди. Уларнинг ўрнига Суперлигадан кимнидир чақириш варианти йўқмиди? Бу уларга нисбатан адолатсизлик бўлиб қолмадими? Масалан, Норчаевдан кўра Темурхўжа Абдухолиқов ўзини яхши кўрсатиб келаётганди. Терма жамоа касалхонага айланиб қолаётгандек...
- Йўқ, кечириб қўясиз, бу касалхона эмас. Мен сизни ҳурмат қиламан. Бироқ бу фикрингиз бироз нотўғри янгради. Футболчилар ўз устида астойдил ишламоқда ва 3 маҳал шуғулланяпти. Яна бир карра айтаман, мен таркибга жалб этган 40 нафар футболчи мени ишонтирди ва уларнинг ўйиндаги ҳаракатлари менда илиқ таассурот қолдирди.

- Осиё Кубогига қуръа ташланди. Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида фикр билдиридб ўтсангиз? Осиё Кубогидаги қайси натижа биз учун мувафақиятли деб қабул қилинади?
- Осиё Кубоги? Январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё Кубогидаги гуруҳимиз жуда қизиқарли ва кучли рақиблардан иборат. Ҳар бир ўйин биз учун жиддий синов бўлиб, максимал эътибор ва тайёргарликни талаб қилади.
Менинг асосий амбицияларимдан бири — Осиё Кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё Кубогида эса натижа учун курашамиз.



