Элдор Бойматов: "Ғалабадан сўнг елкамиздан тоғ ағдарилди"

Оқил Абдубарноев
6 май 2026, 22:28
Пролиганинг 7-туридан ўрин олган "Ғазалкент" ва "ТерДУ" жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Элдор Бойматов матбуот анжмунида иштирок этди.

– Учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Учрашувга келадиган бўлсак, биз "Ғазалкент" жамоасининг ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб чиққан эдик. Улар яхши жамоа. Ўзбекистондаги энг яхши, ёш ва истиқболли жамоалардан бири ҳисобланади ҳамда яхши мураббийга эга. Ўйин қийин кечишини билган эдик ва бу майдонда ҳам ўз аксини топди. Бизга уч очко жуда зарур эди, шунинг учун кўп меҳнат қилдик, йигитлар ҳам бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Футболчиларнинг елкасида қандайдир руҳий босим бор эди. Бугунги ғалабадан сўнг елкамиздан тоғ ағдарилди.

– Иккинчи бўлимда ҳимоячи ва ярим ҳимоячилар ўрнига ҳужумчи ва ҳужумкор вингерларни майдонга туширдингиз. Улар билан ташкил қилинган тактикангиз келгуси ўйинларга пойдевор ярата олдими?

– Биз бу ўйинга, сафарда тўп тепишимизга қарамасдан, ғалаба учун келган эдик. Шу сабабли ҳужумкор футболчиларни майдонга туширдик. Турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимиздан келиб чиқадиган бўлсак, кейинги ўйинларда ҳам мана шундай тактикадан фойдаланамиз. Ҳимоячилар ўрнига ҳужумкор ўйинчиларни майдонга тушириш орқали тактик ўзгаришларни амалга ошириб борамиз.

– Олдинги ўйинларда ғалаба қозониш учун нима етишмаган эди?

– Олдинги ўйинларда ғалаба қозониш учун йигитларга ўзига бўлган ишонч бироз етишмади. Биз ҳужумнинг сўнгги қисмигача етиб бора оляпмиз, аммо охирги узатмани беришда муаммоларимиз бор. Асосан мана шу жиҳатлар етишмади. Эндиликда, ўйлашимча, йигитларнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Бундан кейин яхши ният қиламиз, умид қиламанки, барчаси яхши бўлади.

– Охирги гол тушунмовчиликка сабаб бўлди. Ўша вазиятда аслида нима рўй берган эди?

– Ҳакам ҳуштак чалди. Бизнинг ўйинчимиз ҳакамнинг ҳуштагидан сўнг зарба йўллади. Дарвозабон эса ҳали жонли девор ҳосил қилаётган эди. Ҳакам рухсат берганидан кейин, ўйинчимиз вазиятдан фойдаланиб тўпни дарвозага аниқ йўналтирди. Ўз навбатида яна бир фикрни билдириб ўтмоқчиман. Бу ерга келишимиздан олдин университетимиз ректори Абдуқодир Тошқулов билан учрашган эдик. У кишига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизни оғир кунларимизда ҳам ёлғизлатиб қўймадилар. Бир қатор мағлубиятларга учраган бўлсак ҳам, бизга руҳий далда бердилар. Шахсан учрашиб, "Йигитлар, мен сизларга ишонаман, ҳали ҳаммаси яхши бўлади", – деб қўллаб-қувватладилар. Жамоамиз ва йигитларимиз номидан Термиз давлат университети ректорига ҳамда Жасур Раҳимовга катта раҳмат айтамиз.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia