"Эл-Пистолеро" 33 ёшга тўлди. Суарес ҳаётидаги қийинчиликлар ҳақида
24 янв 2020 14:20
Янгиликлар
"Эл-Пистолеро" 33 ёшга тўлди. Суарес ҳаётидаги қийинчиликлар ҳақида
Ушбу сана муносабати билан уругвайлик форвард ҳаётига оид воқеани тақдим этамиз.
Бир бор экан, бир йўқ экан, Уругвай деган мамлакатда, юк ортувчи ва уй бекасининг 7 фарзанди бўлган экан.
7 - бу "Барселона" ва Уругвай терма жамоаси ҳужумчиси Луис Суарес ҳаётидаги муҳим рақам.
Масалан, Луис 7 ёшлигида унинг ота-онаси Уругвайдаги футбол пойтахти - Монтевидеога кўчишга қарор қилишади.
Суарес кўп вақтини болалар билан футбол ўйнаб ўтказар эди. Ўша вақтда болакай учун бошқа машғулот йўқ бўлган, чунки отаси топган пуллар фақат емиш ва бошқа муҳим харажатларга етарди.
Шунга қарамай, унинг ота-онаси Суарес футболчи бўлиб етишишига ёрдам беришди. Маҳаллий клуб "Уррета"нинг ўртоқлик учрашувларидан бирида Луис захирадан жой олди. Ўша куни жамоа 0:2 ҳисобида мағлуб бўлаётган эди. Мураббий янги футболчига имкон беришга қарор қилди ва уни майдонга туширди. Айнан ўша баҳсда бўлажак юлдуз хет-трик қайд этиб, жамоасига иродали ғалаба тақдим этди.
Унга Уругвайнинг йирик клубларидан бири "Насьонал" эътибор қаратди. Аммо ўша йили унинг отаси оиласини тарк этди ва ҳаммаси ўзгариб кетди. Отасиз қолган оилаган жуда қийин эди. Суарес футболни деярли ташлаб қўйди, асосий таркибдаги жойини йўқотди, тунги клубларга боришни бошлади ва бир кун... севиб қолди.
13 ёшли София унинг дўстига айланди. Луис унда яхши таассурот қолдириш учун яна машғулотларга қайтди ва фаол шуғуллана бошланди.
"Ақлдан оздирадиган қизни учратдим. Аммо айнан ўшанда футбол мен учун қанчалик муҳимлигини тушуниб етдим" - дейди Суарес.
Пул жуда кам эди, Луис эса Софияда яхши таассурот қолдиришни жуда истарди. У бир пайтлар қизга музқаймоқ олиб бериш учун хатто кўчада тушириб қолдирилган тангаларни қидирган. Улар икки йил дўст бўлишди, кейин эса қизнинг оиласи Барселонага кўчиб кетди ва футболчининг фаолиятида яна пасайиш кузатилди.
Бироқ у ўзига кела олди.
Унинг юлдузли онлари "Рочи"га қарши чемпионлик баҳсида келди. Уругвай чемпионати Апертура ва Клаусурадан иборат, аммо чемпион икки турнирнинг ғолиблари ўртасидаги учрашувда аниқланади. Икки ўйинлик финалда "Насьонал" рақибни 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратди, Суарес эса меҳмонда ва уйда биттадан гол уришга муваффақ бўлди.
Луис 19га тўлганида Голландиянинг "Гронинген" клуби унга таклиф юборди, футболчи эса уни қабул қилди. Бу трансфер 1 млн. доллар эвазига амалга ошди. Суарес энди Софияга яқинроқ эди.
"Биз Уругвайда умуман бошқа футболчини кузатгандик" - дейди "Гронинген" собиқ бош мураббийи Роб Янс. "Луис эътиборимизни ўзига тортди. Унинг ўйини бизга ёқди ва қизқа муддат ичида шартнома имзоладик. Бу ўша вақтда биз учун энг қиммат трансферлардан бири эди. Катта таваккалга қўл урдик, аммо жон куйдирмасанг, жанона қайда".
Бу трансфер икки томон учун ҳам таваккал эди. Суарес инглиз ёки голланд тилини билмаган ва мураббийга қўл ишоралари билан мурожаат қилган. Илк бор ўз мамлакатидан чиққан йигитча учун кўникиш жуда қийин кечган.
Оғир болаликни бошидан кечирган ёш футболчи таслим бўлишни истамас эди. У жуда яхши ўйнай бошлади.
"Уругвайда, кўчаларда яланг оёқ тўп тепардик. Шундай яшаганмиз. Ота-онамдан бутса учун пул сўрай олмасдим. Европадан фарқимиз шунда. Бу ерда (Европада) ҳаммаси осонроқ. 17-18 ёшли йигитларнинг машинаси бор. Оддий машина эмас, Ауди! Уругвайда бунга имкон йўқ. Аммо устунлигимиз ҳам шунда, агар ҳамма нарсанг бўлса, майдонда борингни бериб ўйнамайсан".
"Гронинген" имтиҳон ва катта мактаб вазифасини ўтаб берди. Айнан шу клубда у майдондаги эгоизм ва портовчи феълини ривожлантирди.
Унинг фаолиятидаги илк ҳақиқий муваффақият Суарес "Аякс"га ўтганида бўлди. Голландиянинг етакчи клуби Луис учун 10 млн. доллар тўлади. Суарес ниҳоят порлади! Ўзининг хотирлашича, у тўпга эга бўлиши билан гол урарди. Раҳбарият ва мухлислар муҳаббатига сазовор бўлиш учун узоқ вақт керак бўлмади. 21 ёшлида у сардорлик боғичини олади!
Суарес ҳаётидаги асосий мақсадига ҳам эришди. У София билан турмуш қурди. Тўй 2009 йил Монтевидеода, ёшлар илк марта учрашган шаҳарда бўлиб ўтди. Тез орада ушбу жуфтликнинг қиз фарзанди дунёга келди.
2010 йилда у Уругвай терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўл олади.
Чорак финалда Уругвай мундиалда қолган ягона Африка жамоаси Гана билан ўйнади. Ўша баҳсда Суарес дарвозага кириб кетаётган тўпни икки қўли билан қайтарди. У ҳакам томонидан четлатилди ва пенальти белгиланди.
11 метрлик жаримаси гол билан якунланмади, учрашувдан кейинги пенальтилар сериясида эса уругвайликлар ғалабага эришишди. Бу баҳсдан сўнг ҳамма Африка жамоасига ҳамдардлик билдирди, Луисни эса ёмон кўриб қолишди. Бироқ Суарес ўз ватанида мамлакат қаҳрамонига айланди. Чунки жамоа 1970 йилдан бери жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқмаган эди.
ОАВ танқидларидан зериккан Луис ПСВга қарши баҳсда рақибнинг елкасини тишлаб олади. Ушбу иши учун уругвайлик бир неча ўйинга дисквалификация қилинади.
Ушбу иш унинг фаолиятига таъсир қилмади ва 2011 йилда Суарес "Ливерпуль"га ўтди. "Қизиллар" трансфер учун 20 млн. фунтдан кўпроқ тўлашди.
Суарес 7-рақамли футболкага эга бўлди.
Ўша йилнинг ёзида Уругвай Америка Кубогида ғолиб чиқди, Луис эса турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Кейинги можаролар ҳақида биласиз. Патрис Эвра Суаресни ирқчиликда айблайди, Алекс Фергюсон эса уни "шарманда" деб атади, Футбол Ассоциацияси Луисни 8та ўйинга дисквалификация қилди.
Бу гап-сўзлар бироз тинчиши билан, унга яна ташланишди, чунки форвард учрашувдан олдин Эвранинг қўлини сиқиб қўймади.
"Ўша кунлар мен учун оғир кечган. Туйғуларимни ҳаммага кўрсатишга ўрганмаганман, аммо суд иши туфайли хотиним ҳар кеча йиғларди. Жараён қийин бўлди. Жуда чарчадим. Атрофимдаги ҳамма нарсани синдиришни истадим. Уйга келиб бу ишни қилишни хоҳлагандим, аммо қилолмадим, чунки қизим уйда эди. Жазодан сўнг ҳаммаси янада оғирлашди".
Кейинроқ: "Бир куни хотиним билан ресторанда тушлик қилаётган эдик ва "Манчестер Юнайтед" мухлисларидан бири олдимга келиб, суратга тушишни илтимос қилди ва шундай деди: "Сиз ажойиб футболчисиз".
Ирқчиликка оид можаро тинчиб қолган бир пайтда, янги мавзу кўтарилди: Ҳамма уни симуляцияда айблай бошлади. "Эвертон" устози "Ливерпуль"га қарши баҳсдан олдин ҳам ушбу мавзуни ёдга олди. Суарес бунга жуда чиройли жавоб қайтарди: Луис учрашувда гол урди ва уни "ирислар" устози олдида "шўнғиб" нишонлади.
Луисни ҳимоя қилган инсонлар ҳам бўлди, хатто Дэвид Бэкхем ва Петр Чех кабилар унинг номига илиқ сўзлар айтишди: "Суарес жарима майдончаси ичида жуда хавфли футболчи эканлигини ҳамма билади. У туғма голеадор, доимо керакли жойда пайдо бўлади. Ҳаммада ҳам бундай иқтидор мавжуд эмас".
Бироқ Луис тинч яшай олмайди. Суарес кейинроқ "Ливерпуль" сафида Бранислав Ивановични, Уругвай терма жамоасида эса Жоржо Кьеллинини тишлаб олди. Шунга қарамай, уругвайлик фаолиятида ўсишга эришди. Айни дамда у "Барселона" шарафини ҳимоя қилмоқда ва бир неча кун олдин у "Барселона" сафида ўзининг 100-голини урди.
Луис Суареснинг лақаби "El-Pistolero" - ўқотар маъносини билдиради. Футболчи нега бундай лақаб олганини эса яхши биласиз.
Фикрлар