"Челси" дарвозабон масаласидаги асосий мақсадини белгилади

12 июл 2026, 22:48
Лондоннинг "Челси" клуби "Порту" дарвозабони Диогу Коштани ёзги трансферлар ойнасидаги асосий мақсадларидан бири сифатида белгилади. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар бермоқда.

Манбага кўра, "кўклар" 26 ёшли португалиялик посбоннинг шартномасида кўрсатилган 60 миллион евролик товон пулини тўлашга тайёр. Клуб трансферни якунлаш учун расмий ҳаракатларни бошлаб юборган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, "Челси" Диогу Кошта учун курашда ПСЖдан ҳам ўзиб кетган. Париж клуби ҳам дарвозабонга қизиқиш билдирган бўлса-да, айни пайтда лондонликлар музокараларда устунликка эга.

Диогу Кошта "Порту" академияси тарбияланувчиси бўлиб, 2019 йилдан буён асосий жамоа сафида тўп суриб келмоқда. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 49 та учрашув ўтказиб, 25 та гол ўтказиб юборди ва 24 та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

У Португалия терма жамоасининг асосий дарвозабони ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Goal