UZ

Сўнгги янгиликлар

22:24Ла Лига. "Мальорка" – "Барселона": Ямал асосий таркибда  1 21:52ФИФА янги форматдаги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати қуръаси учун жамоалар қайси саватдан ўрин олганини эълон қилди  12 21:21"Футбол олами". ОКМКда тарихий медаль, "Локомотив" Про лигага тушиб кетди — 26-турдаги барча воқеалар ҳақида   1 21:05ОФК Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" 10 киши қолган амалдаги чемпион билан дуранг ўйнади  149 20:46Рўзиқул Бердиев: "Гуруҳдаги вазият аниқ бўлиб улгурган. Эртанги баҳсда очиқ ўйин кутяпмиз"  9 20:26Аморим 27 ёшли футболчини "Манчестер Юнайтед" келажаги деб атади  1 20:03Аббосбек Файзуллаев фаолиятини "Монако"да давом эттириши мумкин  13 19:34Гути Мбаппе ҳақида: "Ундан кўп нарса кутишганди, шунинг учун танқид қилишмоқда"  3 19:10Ота ўғилга қарши майдонга тушади?!  2 18:52"Виржил ван Дейк Пуйоль, Неста, Каннаваро ва қатор юлдузлардан кучлироқ"  16 18:20Суперлиганинг 16-иштирокчиси "Бунёдкор" стадионида аниқланади  1 17:58Эшитдик-да! Эртага "Пахтакор"нинг янги бош мураббийи эълон қилинади. У португалиялик  42 17:56Жозе Моуриньо турк ОАВдан норози  2 17:30Суперлига-2024: Мавсум сарҳисоби!  0 17:05"Ман Сити" "Кристал Пэлас" футболчисни сотиб олмоқчи  1

Бум! Махарадзе "Локомотив"да ёлғизмиди? Бу тизим аслида қандай ишлайди ва унда бир жамоадан неча ўйинчи қатнашади?! "Келишилган ўйинлар қироли" жавоб берди Янгиликлар

Бум! Махарадзе "Локомотив"да ёлғизмиди? Бу тизим аслида қандай ишлайди ва унда бир жамоадан неча ўйинчи қатнашади?! "Келишилган ўйинлар қироли" жавоб берди

Яқиндагина мамлакатимизда келишилган ўйинлар билан боғлиқ катта машмаша кўтарилди.

Якунда ЎФА Этика қўмитаси "Локомотив" клуби ярим ҳимоячиси Кахи Махарадзе ва яна бир футболчи Евгений Кочневларни жиддий жазолади. ЎФАнинг тўлиқ баёнотини қуйидаги линкда ўқиб олишингиз мумкин >>>

Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди — Этика қўмитаси қарори

Ана шу мавзу кўтарилган пайтда "Championat.asia" сайтининг икки вакили Гайрат Хасбиуллин ҳамда камина Толибжон Қосимов Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб тургандик. Бундан мақсад Ўзбекистон ва Венгрия U-18 терма жамоалари ўртасидаги иккита ўртоқлик учрашувини ёритиш эди. Тақдирни қарангки, сафаримиз кутилмаганда анча баракали кўриниш олди. У ерда Венгриянинг жаҳонга машҳур Пушкаш академияси директори билан танишдик, у эса бизни академияга таклиф қилди. Кейинроқ, ажойиб академияга сафаримизга бағишланган катта мақолани ҳам ўқишингиз мумкин. Ва бу ҳаммаси эмас. Биз Будапештдалигимизда Тошкентда келишилган ўйинлар билан боғлиқ Тезкор студия бўлди ва унда мен ҳам Венгриядан туриб алоқага чиқдим. Будапешт кўчаларидаги кафелардан бирида тушлик қилиб ўтирарканмиз, ҳамроҳим Гайрат ака Перумал айнан Венгрияда яшаётгани ҳақида айтиб қолди. Ўзининг "Келишилган ўйинлар қироли" номли китоби ва бир пайтлар "CNN" телеканалига берган шов-шувли интервьюси билан машҳур бўлиб кетган бу инсон 2 йилдан бери Венгриянинг Дебрецен шаҳрида яшаб келаётган ва мана шу давр ичида умуман омма назарига тушмаганди. Яъни, жимгина ҳаёт кечириб келаётганди. Ҳеч қандай интервью ва чиқишлар йўқ.

Биз эса ана шу жимлик қарига ғарқ бўлган Уилсон Раж Перумални топиш ва ундан интервью олишни ўйлаб қолдик. Буларнинг барчаси кутилмаганда ва жуда тез рўй берди. Бундай инсон билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш тугул, уни қидириб топишни ўзи осон иш эмас. Аммо, биз шунчаки таслим бўлишни истамасдик. Сабаби, биз у яшаётган шаҳардан бор йўғи бир неча соатлик йўл узоқда эдик. Будапештдан қуруқ қўл билан қайтиш алам қиларди. Хуллас, рус ва италиялик танишларга чиқиб жаноб Перумални излашга тушдик. Натижа узоқ куттирмади. Эртаси куни тонгда биз у билан тўғридан-тўғри телефон орқали суҳбатлашдик. Шу тариқа, биз Дебреценга борадиган бўлдик. Дебрецен Венгрия шарқида жойлашган ва аҳолиси сони бўйича Будапештдан кейинги иккинчи шаҳар ҳисобланади. Пойтахтдан у ергача поездда 3 соатлик йўл.

У айни пайтда 18 ноябрга қадар уй қамоғида бўлгани боис, биз тўғри у яшаётган уйга бордик ва ўша ерда суҳбат қурдик. Унинг уйидаги иккита ит (кучук)ни ҳисобга олмаса ҳаммаси яхши ўтди)

Перумал билан бундай ноёб ва эксклюзив интервью қилишимизда асосий ишни Гайрат Хасбиуллин ҳамда Жалолхон Иноғомхўжаев (бу ходимимиз музокараларнинг муҳим палласини олиб борди ва интервьюни инглизчадан тўлиқ таржима қилишда жонбозлик кўрсатди).

Қуйида ана шу интервьюнинг Махарадзе иши билан боғлиқ жойларини ўқишингиз мумкин.


- Салом, жаноб Перумал. Бизнинг бу ерга келишимизга асосий сабаб яқинда ўзбек футболида ғалати воқеа содир бўлди. Биз яқинда бир аноним хат олдик. Бу хат клубларга, ОАВларга ва яна бир қанча футбол соҳасидаги инсонларга жўнатилди. Хатда "Локомотив" клуби сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинларда қатнашгани иддао қилинган. Хатни сизга кўрсатишим ҳам мумкин (шу тариқа, жаноб Перумал бутун хатни ўқиб чиқди). У бу хатни жуда кўпчиликка жўнатган. Энг қизиғи шундаки, бир неча кундан сўнг, ушбу ҳолатлар оммага ошкор бўлганидан сўнг у яна бир хат ёзиб бу шунчаки ҳазил бўлганини ва юборилган далиллар шунчаки соҳта эканини айтди. Ушбу вазият ҳақида нима дея оласиз? Нега у бу хатни ҳаммага жўнатган? Нега бир неча кундан сўнг бу шунчаки ҳазил бўлганини айтмоқда?

- Тушунарли. Мен ушбу вазият ҳақидаги умумий фикримни айтишим мумкин. Катта эҳтимол билан, кимдир ўзи олиши керак бўлган пулни ололмаган. Ўша инсон ўзига тегишли бўлган пулни ололмагани учун ушбу доирадаги барчани адабини бермоқчи бўлган. Тахминимча, бу хабар агар мени пулимни бермасангиз, кейинги қадам бунданда оғриқли бўлади деган ишора бўлган. Ўша инсон жазавага тушган пайт юқоридаги ишни қилган. Шундан сўнг унга керакли бўлган барча инсонлар қайтиб унга мурожаат қилишган. Хатни ёзган шахс мавжуд. У оддий мухлис эмас. Оддий мухлисда эса бу каби маълумотлар бўлмайди. Катта эҳтимол билан бу шахс келишилган ўйинлардаги катта ўйинчи ҳисобланади. Аммо у ўз улушини олмаган. Кимдир эса уни чув туширишга, қўпол қилиб айтганда "чопиш"га уринган. Шундан сўнг у барчага қарши шу ишни қилган.

- Бу инсонни ким деб ўйлайсиз? Ўртакашми? Ёки жамоадаги бошқа бир инсонми?

- Эҳтимол, ўртакаш бўлса керак. Яна бир вариант бор. Хатни ёзган инсон ушбу тизимда барчани боғлаб турувчи учинчи шахс бўлиши мумкин. Бошқалар эса уни ўйиндан чиқариб ташлашмоқчи бўлган. У эса жазавага тушган ва сизга яқоридаги нарсани жўнатган. Мисол билан тушунтириб бераман: Мени боғловчи шахс деб олайлик. Мен сени (футболчи) ва пул тикувчиларни ўзаро боғлаб тураман. Футболчи эса пул тикувчилар билан тўғридан-тўғри боғлана олди ва мени ўйиндан чиқариб ташлашди. Мен эса ўз улушимни олганим йўқ. Тушунтира олдимми? Ўша шахс бунга қадар бу ишларда актив қатнашиб келган, шундан сўнг эса уни четга чиқариб қўйишган. У эса "Ҳа, ҳаромилар мени қўлимдан ҳеч нарса келмайди деб ўйлайсанларми", - деган маънода ушбу ишни қилган. Ҳозир эса ўша икки томон (футболчилар ва пул тикувчилар) бу шахсга қайтадан алоқага чиқишган ва "Ҳой, ўзингни босиб ол. Биз сенга керакли пулингни берамиз. Футболчиларни фаолиятини барбод қилма. Тўхтат бу ишларни", - дейишган. Тўғри, бундай дейишга анча кеч. Аммо бу шахс аноним бўлганлиги сабаб ундан ҳали ҳам қўрқишмоқда. Яъни бу инсон нафақат бизга, балки юқоридаги икки томонга ҳам номаълум шахс бўлиши мумкин. Бу эса унга катта устунлик беради. Айнан мана шу сценарий мантиқийроқ ҳисобланади. Охирида эса у ўз улушини, умуман олганда ўзига керакли бўлган нарсани олган ва шундан сўнг буларнинг барчаси ҳазил эди деб қўйган, тамом.

- У бизни федерациядагилар ёки тегишли органлардагиларни бунга ишонадиган аҳмоқ деб ўйлаганми?

- Мен полициячи эмасман ва бу инсон ҳақиқатдан ҳам борлигини исботлаб беролмайман. Аммо мантиқий нуқтаи назардан қарасак, барчаси унинг мавжудлигини кўрсатиб турибди. Агар кимдир келишилган ўйинлар мавзусида суриштирув ўтказаётган бўлса, улар Betradar ёки FederBet каби ташкилотлардан ўйин борасидаги барча маълумотларни олишлари мумкин. Betradar ва FederBet дан тикилган барча пуллар ҳақида маълумотлар ва трекинг ахборотларини олишлари мумкин. Агарда ЎФА улар билан келишувга эришган бўлса. Betradar каби ташкилотлар федерациялар уларга пул тўлаётгани учун мавжудлар. Улар ҳам айнан ўйин келишилганми йўқми шуни аниқлай олишади. Айнан ким бунда иштирок этаётганини эса билиш қийин масала.

- Шу каби ҳолатларни амалга ошириш учун жамоадан неча киши иштирок этиши керак? 

- Энг камида беш киши. Бу албатта сиз қандай жараённи уюштираётганингизга боғлиқ. Қийинроқ даражадаги "ставка" бўлса, у ҳолда бунга кўпроқ ўйинчи жалб этилади. Баъзи ҳолларда уч-тўрт ўйинчи ҳам етарли бўлиши мумкин.


- Биласизми, юқорида биз сизга айтган кейсда ўйинчи қизил карточка олиш учун ўйнаган. Яъни бу ҳолатда биргина ўйинчи ҳам етарли бўладими?

- Яна бир нарса, дейлик мен келишилаётган ўйин учун 100 минг доллар тикаётган бўлсам, мен биргина ўйинчи билан қаноатланмайман. Ҳозирги кунда пул тикаётганлар бу жараёнда камида бешта ўйинчи бўлишини хоҳлашади. Улар ўз пуллари хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишлари учун энг камида беш нафар ўйинчи учрашувни сохталаштиришда ишлаши керак.

- Аммо бу жараён қандай кечади? Дейлик сиз фақат бир футболчи билан гаплашасиз. У "ҳа, мени тўрт нафар жамоадошим бор, улар рози", - дейди. Аммо бу ишониш учун камлик қилади-ку?

- Ўртадаги киши ҳамма йигитларни кўриши кераклигини айтади. Дейлик, мен пул тикувчи бўлсам, мен барча футболчиларни билишим керак. Ўртада жуда яқин муносабат бўлсагина, мен уларга ишонишим мумкин.

- Ҳа, демак барчани кўришингиз керак бўлади. Ҳозирги кунда барчада WhatsApp, Zoom каби иловалар бор...

- Zoom ҳам шарт эмас. Дейлик ўртакаш ўша футболчилар билан ресторанга овқатлангани боради. Мен ёки менинг одамим эса пул тикувчи сифатида кейинги столда ўтиради. Анови ўртадаги инсон келади ва йигитларга тушунтиради: "Мана бу куни ўйин, мана бу ишни қилишингиз керак ва ҳоказо". Барча футболчилар у ерда нима бўлаётганини, нима бўлиши кераклигини онгли равишда англаб туришади.

- Сўзларингиздан шуни тушуняпмизки, Ўзбекистонда ҳам шундай инсонлар бор. Яъни улар икки ўртада туриб бу ишларни ҳал қилишади.

- Бўлиши мумкин. Биласизми, ўзбек инсон билан бу масалани муҳокама қилиш учун сиз рус ёки ўзбек тилини билишингиз талаб қилинади. Пул тикувчи чет эллик бўлиши мумкин. Масалан, хитойлик ёки яна бошқа жойдан. Аммо ўртакаш маҳаллий киши бўлиши эҳтимоли катта. Бу мантиқан олиб қараганда ҳам тўғри.

- "Локомотив" сардори билан бўлган вазиятга яна қайтмоқчиман. Дейлик уни ушлашди ва айбини бўйнига қўйишди. Ўйинчи орқали бу ишнинг бошида турган инсонни топса бўладими?

- Ўша ўйинчи расман қамоққа олиндими?

- Йўқ, ҳозирда суриштирув ишлари кетмоқда... (суҳбат уюштирилган пайтда ҳали ЎФА Этика қўмитаси қарори чиқмаган эди)

- Суратдаги иккинчи инсонни танийсизларми?

- Йўқ, бизнингча у ўзбекистонлик эмас.

- Суратдан у европаликка ўхшамоқда. Унинг ёши ҳам катта экан. Ҳозирги кунда жуда кўп македонияликлар, серблар, руслар келишилган ўйинларда иштирок этишмоқда. Умуман олганда суратдаги инсон ким эканлигини айтиб бўлмайди. Бу суратни тарқатиб юборган инсонни ўз улушини олмаган ўртакаш деб тахмин қилишимиз мумкин, холос. Бундай ишларда нимадир нотўғри кетган бўлсагина бундай хабарлар сизиб чиқади. Юқорида таъкидлаганимдек, бу ўз пулини ололмаган ёки ўйиндан чиқариб ташланган инсон бўлиши мумкин. Агар Ўзбекистон футбол Ассоциацияси бу ишни тагига етмоқчи бўлишса, улар Betradar ёки Fedabet каби ташкилотларга мурожаат қилиб бу ўйинда ғайритабиий пул тикиш ҳолатлари бўлганми, йўқми аниқлашлари лозим. Агар ўша ўйинларда ростдан ҳам ғайритабиий пул тикиш ҳолати бўлган бўлса бу ўйин аниқ келишилганини англатади. Бу эса юқоридаги хатни жўнатган шахс рост гапираётганини англатади. Ўзим умуман Ўзбекистонда ўйинчиларнинг ўртача маоши қандай?


- "Локомотив" кейсида назар солсак, ўша ёзишмаларда биз саккизинчи дақиқада ишни бошладик деб ёзилган. Махарадзе эса 2-бўлимнинг саккизинчи дақиқасида қизил карточка олган.

- Бу жуда аниқ маълумотку. Бироқ уни жўнатган инсоннинг шахси номаълум. Ҳисоб қандай бўлган ўша ўйинда?

- 0:1, "Локомотив" мағлуб бўлган.

- Фақатгина битта голми? Биласизми, мен bet365 букмейкерини ишлатаман ва мен ҳеч қачон бу иловада ўзбек клубларини кўрмаганман. Юқоридаги Crown'да эса Ўзбекистон чемпионати бор. Туркия ва яна бошқа чемпионатлар бу иловада йўқ. Қизил карточкага расмий букмейкерларда пул тикишнинг иложи йўқ. Балки улар Хитойда бу ишни қилишгандир. Яна билмадим, сабаби мен ҳеч қачон ўзбек футболига аралашмаганман.


P.S. Раж Перумал билан суҳбатнинг тўлиқ қисми пайшанба, 22 сентябрь куни эътиборингизга ҳавола этилади. "Championat.asia"ни кузатишда давом этинг.

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +33   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика