

Иван Бошкович "Сўғдиёна"ни тарк этди. Черногориялик мутахассиснинг Жиззахдаги фаолияти худди Америка арғимчоқлари каби воқеаларга бой ва шиддатли кечди.
2024 йилги мавсумда "Сўғдиёна" учинчи ўринни эгаллаган эди, бироқ кейинчалик бу натижа тезда "бекор қилинди" ва бронза медаллари "Навбаҳор"га насиб этди. Ҳужумда Дориев ва Йовович ҳаракат қилган ўша "Сўғдиёна" жуда кучли эди.
Бошковичнинг муаммоси ҳам айнан шунда эди: у олдинги чизиқда ўз етакчиларининг индивидуал маҳоратига жуда катта урғу берарди. Бу ҳолат Йовович жамоани тарк этганидан сўнг яққол кўзга ташланди. Агар 2024 йилги мавсумда "Сўғдиёна"да ўйин тақдирини ҳал қилувчи иккита "тортувчи" футболчи бўлган бўлса, 2025 йилги мавсумда улардан фақат биттаси қолди.
Буни Дориевнинг статистикаси ҳам тасдиқлайди: агар 2024 йилда у "гол+пас" тизими бўйича 12+7 натижа қайд этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 16+8 га етди. Фарқ сезиларли. Люпчо жамоанинг шунчаки етакчиси эмас эди – у "Сўғдиёна"нинг ҳужумдаги БУТУН ЎЙИНИНИ белгилаб берарди. Рақибга Дориевни "ёпиб қўйиш" насиб этган учрашувларда жиззахликларнинг олдинги чизиқдаги ҳаракатлари умуман ўхшамасди.
Бу муаммо 2026 йилги мавсум стартида яққол кўринди. Аммо "Дориевга қарамлик"дан ташқари, ўз дарвозаси олдида ҳам муаммолар пайдо бўлди. "Сўғдиёна" 4 та ўйинда 12 та тўп ўтказиб юборди – бу Суперлигадаги энг ёмон кўрсаткич. Бу ерда дарвозабонга ҳам (Мирковичнинг қанчалик "зўр" эканлиги ҳақида аввал ҳам ёзган эдим), ҳимоя чизиғига ҳам саволлар бисёр.
Бошкович ёмон мураббийми? Шубҳасиз, йўқ. У қўлида бор имкониятлардан келиб чиқиб ишлади. Дориев даражасидаги фақат битта ўйинчиси борлигида Бошкович айбдор эмас. Таққослаш учун, "Нефтчи"да бундай ҳужумкор футболчилар камида 5-6 нафарни ташкил этади. Лекин Бошкович ўз ўйинини фақат бир футболчига боғлаб қўйганида айбдор. "Сўғдиёна" унинг қўл остида жамоа сифатида кучаймади. Бошкович ундан шунчаки максимумни сиқиб чиқарди.
Суперлига клубларида мураббийлар қанчалик тез-тез алмашаётанини ҳисобга олсак, Бошкович катта эҳтимол билан яқин вақт ичида яна қаердадир "пайдо бўлиши" мумкин. Буёғига унинг янги жамоасида қандай ижрочилар бўлиши муҳим савол, чунки охир-оқибат айнан таркиб сифати натижани белгилаб беради. Мураббий якунда айнан ўша натижа учун жавобгар бўлади.



