


“Бизнинг ҳар бир трансферимиз ўз мақсадига эга. Кимнидир таркибга қўшиб олишдан олдин ҳаммасини синчковлик билан муҳокама қилдик.
Дастлаб Родри режаларимизга кирмаганди, чунки уни олиб келишнинг имкони йўқ деб ҳисоблардик. Имконият пайдо бўлганини кўришимиз билан ундан фойдаландик ва муваффақиятга эришдик — худди Гордон, Адейеми, Бисиву ҳамда Канселу билан бўлган вазиятлар каби. Барча харидларнинг битта мақсади бор — жамоани кучайтириш.
Биз уни шунчаки “Реал”дан илиб кетиш учунгина сотиб олмадик. Бу хато бўларди. У дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири. Унинг жамоага фойда келтира олишига ишончимиз комил ва шу сабабли бу трансфер мантиққа эга”, – деди Деку.
“Барселона” 18 август куни Родри трансферини эълон қилиб, 30 ёшли футболчи билан 2030 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолади. Аввалроқ Мадрид клуби ҳам ярим ҳимоячига қизиқиш билдиргани ва трансфер бўйича таклиф юборгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.



