Азамат Шарипов: "Ғалабага жуда яқин эдик"

6 май 2026, 23:47
Пролига 7-турдан ўрин олган "БухДУ" – "ФарДУ" учрашуви 1:1 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "БухДУ" бош мураббийи Азамат Шарипов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Биринчи тайм тўлиқ назоратимиз остида ўтди. Нимани хоҳлаган бўлсак, йигитлар майдонда шуни кўрсата олишди. Иккинчи таймга келиб чарчоқ кузатилди. Рақибнинг захирадан тушган футболчилари ўйинни ўзгартириб юборди. Бизга эса шунақа ўйинчилар етишмади. Натижада гол ўтказдик ва баҳс дуранг билан якун топди.

- Ҳисоб 1:1 бўлган вазиятда ҳимоячилар ҳаракатини қандай баҳолайсиз?

- Ҳисоб тенглашишидан олдин бизда 100 фоизли имконият бўлди. Ўша вазиятда гол уришимиз керак эди, шундан сўнг асабийлашдик ва тўп ўтказиб юбордик. Ҳимояда ўйнаш осон эмас, ўзига яраша босими бор. Ҳужумчилар гол урмаса, ҳимоячиларга босим бўлади.

- Ўйинга қўйилган тактика қандай эди?

- Ҳозирча 7та тур ортда қолган бўлса, ўз футболимизни йўлга қўйишни ўйлаяпмиз ва машғулотларда шунинг устида ишлаяпмиз. Рақиб жамоани ўргандан кўра, ўз ўйинимизни йўлга қўйиб олишимиз керак. Бугун ўз футболимизни намойиш этдик деб ўйлайман.

- Жамоангиз гол уриб олгач, шунинг кайфиятида бемалол ўйинни давом эттирди деб ҳисоблайсизми?

- Йўқ, ундай бўлмади. Биз ҳушёрликни йўқотмасликка ҳаракат қилдик. Юқорида прессинг қилдик, тўп назорати ҳам бизда бўлди. Фақат 65-дақиқадан кейин йигитлар чарчаб қолди. Бундай вазиятда захирадаги кучлар ёрдам бериши керак бўлади. Рақиб жамоанинг захирадан тушган ўйинчилари тез киришиб кетди. Биз билан эса бундай бўлмади. Камчилигимиз ҳам шунда. Буёғига хатолар устида ишлашни давом эттирамиз.

- Бугунги ҳолатда жамоангиз футболчилари неча дақиқа максимал ҳаракат қила олади?

- Бугунги баҳсда 65 дақиқа яхши ўйнадик. Қанот футболчиларимиз ва марказдаги ўйинчилар кўп тер тўкди. Лекин барибир захира керак. Камида беш нафар шундай ўйинчимиз бўлишини хоҳлаймиз.

- Бугун дастлабки очко қўлга киритилди. Жамоа хурсанд бўлиш ўрнига ўйиндан кейин норози оҳангда майдонни тарк этди.

- Нега десангиз, биз ғалабага яқин эдик. Асосий таркибда майдонга тушган ёши катта футболчиларимиз ёшларга кўп эътироз билдирди. Бу эса асбийлашишга олиб келди. Биз икки очко йўқотдик деб ўйлайман.

- Дарвозабон кўп ҳолларда вақтни чўзишга ҳаракат қилди. Ҳисоб 1:1дан кейин ҳам шу ҳолат давом этди.

- Эътибор беринг, рақиб ҳужум қиляпти, биз прессингда ўйнаяпмиз. Барибир бундай вазиятда озроқ пауза керак бўлади. Тўпни бирданига ўйинга киритиб ўйнаб кетиш осон эмас. Кучли жамоалар ҳам шундай қилади. Дарвозабонимиз бу билан темпни туширишга ҳаракат қилгандир, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Чунки шу орқали бироз бўлса-да нафас ростлаб олади. Лекин бу 1:1га рози эдик дегани эмас. Шунчаки ўйин темпини назорат қилиш.

- Биламизки, "БухДУ" уй ўйинларини Муборакдаги стадионда ўтказяпти. Майдон ҳолати бўйича фикрингиз?

- Майдон ҳолати жуда аъло даражада. Бунинг учун "Машъал" клуби раҳбариятига раҳмат айтиб қоламан. Муборакда шундай стадионни чиройли сақлаб туриш осон эмас. Бу майдонда фақат футбол ўйнаш керак.

- Муборакда ҳаво анча иссиқ. Учрашув бошланиш вақти 17:00га қўйилди. Анча вақтли эмасми?

- Бу ҳам таъсир қиляпти. Биринчи 25 дақиқадан сўнг футболчилар мувозанатни йўқотиб қўйди. Иссиқ барибир таъсир қилади. Кейинги ўйинларни салқинда ўтказсак яхши бўларди. Яхшиямки ҳакамлар сув ичиб олиш учун пауза беришяпти.


Манба: championat.asia