

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Олти очколик баҳсда ғалаба қозондик. Бундан хурсандмиз. Оғир баҳсни ўтказдик. Аввало ҳимояни ўйлашимиз, керак бўлса қарши ҳужумда ўйнашимиз кераклиги ва тўп назоратини йўқотмасликни уқтиргандик. Йигитлар берилган кўрсатмаларни уддалашди. Ўйинни назорат қила олдик. Ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман.
- Беш кишилик ҳимояни ёриб ўтиш барибир қийин бўлди. Жамоангизда Баҳром Абдураҳимов бор, лекин уни майдонга туширмаяпсиз?
- Баҳром қўлидан оғир жароҳат олганди, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Курашларга бой ўйин кечишини билган ҳолда унга имкон бермадик. Ҳозирча бу футболчини асраб турибмиз, кейинги ўйинларда майдонга туширамиз.
- Рақиб мураббийлар штаби билан бир неча бор тортишувга бордингиз.
- Бир вазиятда рақиб футболчиси бизнинг ўйинчимиз устидан ўтиб кетди. Мен аввал қанот ҳакамига гапирдим, бош ҳакам умуман парво қилмади. Мен ҳакамга гапирганимда уларнинг мураббийлари бизга эътироз билдирди. Шу боис бўлган вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим.
- Сиз ўйнаган пайт билан бугунги даврни солиштирадиган бўлсак, футболчиларга ҳақ бўлаш борасида қанчалик фарқ бор?
- Ҳозирги футболчиларга кўпроқ маош тўланяпти деб ўйлайман.Айрим жамоаларда фарқ жуда баланд. Пастдаги жамоаларда эса фарқ бирмунча паст. Масалан, "Нефтчи"даги маош билан биздагини таққослай олмаймиз. Ўз пайтида мен ўйнаган даврда "Пахтакор"да ҳам қийинчиликлар бўлганди. Ойлик маошнинг икки-уч ойга чўзилиш ҳолатлари бўлган, лекин барибир кейинроқ тўлиқ тўлаб берилган.
- "Арал"га етиб олиш имконияти ҳақида нима дея оласиз?
- Биз кўпроқ ўз ўйинимизга эътибор қаратяпмиз. "Арал" билан уйдаги ўйинимиз кўп нарсани ҳал қилади. Чемпионликдан ҳали умидни узганимиз йўқ.
- "ШЎртан" Суперлигага чиқса жамоа бунга тайёрми?
- Суперлигага чиқсак, мухлислар ва раҳбарият кўп нарса хоҳлайди. Бирданига чиройли ўйин, натижа кўрсатишимиз ва шу билан бирга ёшларни тарбиялашимиз керак бўлади. Биз ҳозирча масаланинг бу томонларини ўйламаяпмиз. Аввало ҳозирги вазифани бажаришимиз керак.
- Бугун гол урган Анвар Муродов ҳақида фикрингиз?
- Анвар Муродов аслида "Машъал" футболчиси. Ўйин амалиётисиз қолиб кетгани боис ўзимизга чақирдик. Курашувчан яхши йигит. Курашларга бой ўйинда ғалаба келтирди. Унга кейинги ўйинларда омад тилайман.



