

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ёш жамоага нисбатан ҳаракат қилган бўлсак-да, босим юқори бўлди. Чиройли ўйин бўлишини кутгандик. Биринчи бўлимда иккита гол уриб олганимиз яхши бўлди. Танаффусда йигитларга иккинчи таймнинг дастлабки 15 дақиқасида гол ўтказмасак, ҳаммаси яхши якун топишини айтдик. Барибир бўшашдик, бу эса дарвозамиз томон голга олиб келди. Ҳисоб 2:1дан кейин ҳам ҳужумга ўтдик, чунки бизга учинчи гол керак эди, лекин вазиятдан фойдалана олмадик. Шунга қарамай, қўлга киритилган ғалаба билан "Шўртан" мухлисларини табриклайман.
- Рақиб таркибига қарасак, 18-19 ёшли футболчилардан иборат экан. Ёш жамоага қарши кичик ҳисобли ғалаба қўлга киритилди. Бу борада нима дея оласиз?
- Кўп вазиятларда ҳужумга ўтганимизда рақиб ўйинчилари қўполлик билан тўхтатиб қолди. Қолаверса ҳужумга чиқишда ўзимиз ҳам секин ўйнадик. Марказий ҳимоячиларимиз билан ярим ҳимоячилар босимга кўп чидай олишмади. Рақиб босим ўтказган пайт тўпни дуч келган томонга тепган ҳолатларимиз бўлди. Руҳий устунлик рақиб томонида эди, бизда ўтган турдаги мағлубиятдан кейин босим юқори бўлди. Яккакурашларда устунлик қилишимиз керак эди, аммо буни ҳам эплай олмадик. Ёш футболчиларда кўпроқ шижоат кўринди.
- Тўп дуч келган томонга тепиб юборилди деяпсиз. Бу тўпни олдириб қўйиш ҳадики билан боғлиқми?
- Кўп бор айтганмиз, биринчи рақамли жамоа бўлиб ўйнаш ҳам осон, ҳам қийин. Тўғри, биринчи рақамли бўлиб ўйнадик, лекин ўз навбатида рақиб қаршилигига дуч келдик. Муҳими, босимни енгиб ўтиш керак. Катта босим остида ўйинларни ўтказсак шундай бўлади. Ҳали аксар футболчиларимиз катта ўйинларни кўрмаган, бу ҳам биз учун дарс бўляпти.
- Жамоага янги футболчиларни жалб этиш мақсад қилинганми?
- Бизга курашувчан, юқори темпга дош берадиган ва яхши ҳужум қила оладиган ҳужумчи керак. Рақиблар босимидан қўрқмайдиган ҳужумчи ахтаряпмиз. Бугун кўрдик, 18-19 ёшли футболчилар ҳам бизга қарши бемалол босим уюштира олишди. Ўз навбатида бизга ҳам босимга чидаб берадиган ўйинчилар зарур. Бу чизиққа легионер қидирмаяпмиз, маҳаллий ҳужумчи керак. Пролига темпига дош берадиган ўйинчи қидиряпмиз. Ҳозирча олдимизда аниқ вариант йўқ, лекин трансфер ойнаси ёпилгунча топишга ҳаракат қиламиз.
- Иккинчи бўлимда шогирдларингиз бироз хотиржамликка берилди.
- Албатта, биз хотиржам ўйнанглар деб айтмаймиз, чунки ҳушёрликни умуман йўқотиш керак эмас. Замонавий футбол талаби шу. Ҳимоячиларимиз кўп ҳолларда бўшашишди, натижада бўш ҳудудлар юзага келди. Шундан кейин ўзимизни ўзимиз қийин аҳволга солиб қўйдик.



