"Арал" бош мураббийи: "Ўйин унутилади, натижа эса тарихда қолади"

16 авг 2026, 00:18
"Арал" бош мураббийи Вадим Шодиматов Пролига 15-тур доирасида "БухДУ"га қарши ўйиндан сўнг (2:0) матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?

– Барчасини ўзингиз кўрдингиз. Пешқадамга қарши жамоалар доимо кўтаринки руҳ ва юқори иштиёқ билан ўйнайди. Шунинг учун, нима ҳам дея оламан? "БухДУ" майдонга тушиб, ўз ўйинини намойиш этишга ва бизга, яъни пешқадамларга муносиб қаршилик кўрсатишга бор кучини сарфлади. Қандай бўлмасин, биз ғалаба қозонишимиз шарт эди ва якунда керакли натижага эришилди. Ўйин унутилади, натижа эса тарихда қолади.

– Жамоанинг ўтган ўйинга нисбатан ротацияга қўл урганини кўрдик. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Шундай, сўнгги ўйиндан сўнг биз таркибда бир нечта ўзгаришлар ва ўрин алмаштиришларни амалга оширдик. Асосан қанотлардаги ўйинни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Ҳимоя чизиғида эса, афсуски, Расул Мусаев тўртинчи сариқ карточкасини олгани сабабли бу ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шу боис биз Жумаевни бошқа позицияга ўтказишга қарор қилдик. Жалолов эса чап қанот ҳимоячиси позициясини эгаллади. Майдон марказида ҳам худди шундай ўзгаришлар юз берди.

– Жамоани олдинда кейинги иккита мураккаброқ ўйин кутиб турибди: "Олимпик Мобиуз" ва "Каттақўрғон"га қарши. Бу ўйинларга қандай тайёргарлик кўрилади?

– Биз ўз режаларимизга мувофиқ, одатий режимда тайёргарликни давом эттирамиз. Табиийки, бу тайёргарлик биз ўтказган олдинги ўйинлардагидан бироз фарқ қилиши мумкин. Лекин, умуман олганда, жамоа билан биргаликда олдиндан тузилган режаларимиз бўйича ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia