"Андижон"нинг собиқ мураббийи Рубин Хебайнинг қандай топилгани ва нима учун клубдан кетгани ҳақида сўзлади

Оқил Абдубарноев
29 окт 2025, 14:56
"Андижон"нинг собиқ мураббийи Артём Петросян (ҳозирда у "Олимпик"да фаолият юритмоқда) клуб Рубин Хебайни қандай топгани ва кейинчалик у нима сабабдан клубни тарк этгани ҳақида ҳикоя қилди. Петросян Александр Хомяковнинг ёрдамчиси бўлган.

- Хебай билан боғлиқ қизиқ воқеа юз берган эди. Қишки ўқув-машғулот йиғинининг охири, 2023 йилги мавсум олдидан бизга ҳужумчи керак эди. Ҳужумчилардан фақат Шаҳбоз Эркинов бор эди, ўша пайтда у 37 ёшда эди. Яна бир ҳужумчи зарур эди. Бир вариант амалга ошмади, иккинчиси ҳам, ҳеч кимни топиб бўлмаётганди.

Меҳмонхонада ўтирганимизда, албаниялик ҳужумчини кўриб чиқишни таклиф қилишди. Трансфер ойнаси 2-3 кундан сўнг ёпиларди. Танлаш учун вақт йўқ, вариантлар ҳам кўп эмас эди. WyScout’ни очиб, Хебайни кузата бошладим. Яхши ўйинчини дарҳол пайқаш мумкин – тўпни қандай қабул қилиши, у билан қандай ишлаши, қандай бурилиши... Уни таклиф қилишга қарор қилдик, у синовдан ўтмасдан, тўғридан-тўғри шартнома имзолаш учун келди.

Ўртоқлик ўйини ўтказдик. Хебай ўша куни тиббий кўрикдан ўтиб, шартнома имзолади. Эртаси куни тикланиш машғулоти бўлди. Ўртоқлик ўйинида иштирок этмаганлар "теннисбол" ўйнашди. Хебай чиқиб, икки-уч тегинишидан сўнг адашмаганлигимизни тушундим. Шунчаки тўпни қабул қилиб, уни тўр устидан ошириш қийин эмас, лекин у буни шунчалик осон ва сифатли бажардики!

- Хебайга машина совға қилинган воқеани эслай оласизми?

- Андижон вилояти ҳокими қайсидир ўйиндан сўнг: "Гол урсанг, сенга машина совға қиламан", деган эди. Кейин, адашмасам, биз "Олимпик"ни енгдик. Ўйиндан сўнг Хебайга Tracker совға қилишди. Унинг ўзи ҳайратда қолди. Унга чиндан ҳам машина совға қилишлари мумкинлигига охиригача ишонмаган эди.

Ўйиннинг эртаси куни уни автосалонга олиб боришди. У ўзига машина танлади, унга калитни топширишди. Кейинчалик, Хебай "Андижон"дан кетаётганида, ўша машинани сотди. Айтганча, уни "Андижон"нинг бошқа ўйинчиси – Сардор Азимов харид қилди.

- Биринчи даврадан сўнг Хебайни қандай ушлаб қолдингиз? 2023 йил ёзида у аллақачон ўзига YouTube'да Highlights тайёрлаган эди. Чамаси, бошқа жойга кетиш йўлларини излаётган эди.

- Биринчи даврадан кейин бундай ҳолат бўлмади. Аммо мавсум охирида унинг кетмоқчи эканлиги аниқ бўлди. Тушунарли, Хебай ўшанда кўп гол урган, унга эътибор катта эди. Бунинг устига у ҳали анча ёш, 25 ёшда эди. Ҳар қандай машҳурлик, айниқса, бундай тез машҳурлик бошни бироз айлантириб қўйиши мумкин. Аммо ишга муносабати, машғулот жараёнига келганда унга саволлар йўқ эди. Мавсум охиридаги ҳолатдан ташқари.

Кўриниб турибдики, у яхшироқ шароитларни хоҳлаётган эди. "Андижон" бундай футболчини ушлаб қололмаслигини тушунардик. Унинг икки йиллик шартномаси бор эди ва иккинчи мавсумда маошини ошириш режалаштирилган эди. Хебай дарҳол қолишни истамаслигини айтди. Охир-оқибат у Саудия Арабистонига сотилди.


Артём Петросян иштирокидаги "Финт Тўраева" подкастининг тўлиқ версияси билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин (рус тилида):


Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›