

Бу ҳақда ПФЛ хабар берди.
"Пахтакор" футбол клуби иштирокидаги учрашувларни Ироқ ҳудудида намойиш этиш бўйича Дубайнинг спортга ихтисослашган медиа ва кўнгилочар The PRO Company агентлигидан таклиф келиб тушганди.
Боиси, ёзги трансфер ойнасида Тошкент клуби ўз сафига Ироқ миллий терма жамоасининг учинчи аъзосини қўшиб олди.
Лига ўз байроғи остида ўтказиладиган мусобақалар трансляцияси сифати ва ҳажмини ошириш устида иш олиб бормоқда ва айтиш мумкинки, мазкур йўналишда йилдан йилга ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Жумладан, 2027 йилги мавсумдан бошлаб Суперлига учрашувларини Қозоғистон, Россия ва Беларусь ҳудудларида OTT платформалар орқали намойиш этиш устида ишланмоқда. Шунингдек, Лиганинг расмий YouTube саҳифаси, Allplay, Kinopoisk каби иловаларда Суперлига учрашувлари кўрсатиб келинмоқда. Суперлига трансляцияларидан даромад кўришни бошлаш Лиганинг яқин истиқболдаги асосий режаларидан бири ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, Лига The PRO Company таклифи бўйича музокара олиб борди. Бундан кўзланаётган асосий масала трансляция эвазига бошланишига катта ҳақ олиш эмас, балки мазкур йўналишни амалга оширишнинг техник имкониятларини синовдан ўтказиш, шунингдек, амалиётнинг келажакда қўшимча қандай имкониятлар яратиши мумкинлигини мониторинг қилишдан иборатдир. Яъни, трансляцияларни ривожлантириш йўналишига инвестиция киритаётган ташкилот сифатида Лига ўзининг келгуси режалари ва мақсадларига қанчалик тайёр эканлигини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби қадам келажакда қўшимча таклиф ва имкониятлар пайдо қилиши мумкин. Шу боисдан, Лига таклиф этилаётган шартнома мавсум якунига қадар эканлиги, қолаверса, ўзбекистонлик футболчиларга Яқин Шарқ бозоридан қўшимча таклифлар келиб тушиш эҳтимоли мавжудлигини бирламчи мақсад сифатида эътироф этади. Трансляциясини Ироққа узатишнинг техник параметрлари бўйича кейинчалик ҳам муаммолар кузатилмаса, 2027-йилги ва ундан кейинги мавсумлар учун нафақат бир клуб, балки бутун бир мусобақани хорижда трансляция қилиш ва бунинг учун эксклюзив нархлар таклифини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилади.
Лига трансляциялар сотувидан келажакда даромад кўришни бошласа, мазкур маблағ Суперлига иштирокчилари ўртасида қандай тақсимланиши бўйича механизм ишлаб чиқилади ва у клублар билан муҳокама қилинади. Айни вақтда эса Дубайда фаолият олиб бораётган агентлик томонидан Лига ҳисоб-рақамига келиб тушадиган маблағнинг тенг ярми “Пахтакор” футбол клубига ўтказиб берилади. Унинг қолган қисми эса трансляцияни узатиш харажатларини қоплашга сарф этилади.
Бу каби таклифлар Суперлиганинг бутун бир мавсуми ёки унинг доирасидаги айрим учрашувларни трансляция қилиш устида борган тақдирда, Лига шартнома шартлари ва келишув суммалари масаласида ўз Ижроия қўмитасига ҳисобот беради", – дейилади ПФЛ хабарида.



