

Кеча мусобақанинг ярим финал босқичида А1 ва Black Stone жамоалари ўзаро тўқнаш келишди.
Муросасиз ва юқори темпда кечган учрашув давомида ҳар икки жамоа финал йўлланмаси учун бор кучини ишга солди. Майдондаги кескин кураш, хавфли вазиятлар ва мухлислар қўллаб-қувватлови ўйинга алоҳида шукуҳ бағишлади.
Якунда Аброр Мухтор Алий бошчилигидаги А1 жамоаси рақиби Black Stone устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, United MFL финалига йўлланмани қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Cosmos жамоаси ҳам финал масаласини ҳал қилган эди. Шундай қилиб, мусобақанинг бош соврини учун финал баҳсида Cosmos ва А1 жамоалари ўзаро куч синашади.
Мавсумнинг ҳал қилувчи учрашуви 4-июль куни ЖАР стадионида бўлиб ўтади. Финал баҳсидан олдин эса мухлислар учун махсус MFL Party ташкил этилади. Тадбир давомида юртимизнинг таниқли санъаткорлари иштирок этиб, томошабинларга унутилмас байрамона кайфият улашади.
Шубҳасиз, United MFL финали нафақат футбол мухлислари, балки барча спорт ихлосмандлари учун ёзнинг энг ёрқин спорт тадбирларидан бири бўлиши кутилмоқда.









