20 млн фунтга сотиб олинган "Челси" футболчиси кетишига ишора қилмоқда

Sherzod Nurmatov
18 ноя 2024, 15:34
2022 йилда "Астон Вилла"дан келиб қўшилган "Челси" ярим ҳимоячиси Карни Чуквуэмека ўйин вақтига эга бўлиш учун курашишда давом этмоқда.

Жароҳатларидан тўлиқ фориғ бўлган ва ўйинга яроқли ҳолатда турганига қарамай, 21 ёшли футболчи жорий мавсум Энцо Мареска қўл остида Премьер-лигада бирорта ҳам имкониятга эга бўлмади. Унинг майдондаги барча ҳаракатлари Кубок ўйинлари билан чегараланган, бу эса клуб мухлисларида хавотир уйғотмоқда, деб хабар берди "The Chelsea Chronicle".

Бошланғич таркибда мунтазам ўрни йўқлиги ва доим захира сифатида қаралиши футболчини январдаёқ кетишга мажбур қилиши мумкин. Чуквуэмека ижтимоий тармоқларда шунга шама қилиб, Instagram'да ўзининг бошқа клубга ўтиши ҳақидаги постга лайк босган.

"Челси" Лига Кубогидан чиқиб кетгани ҳисобга олинса, Чуквуэмеканинг ўйин вақти чекланган ҳолатда қолиши тўғри мантиққа эга. У ҳозир доимий ўйин амалиёти ва ўзини юқори савияда кўрсатиш имконияти кафолатланган янги клуб топишдан манфаатдор.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Chelsea Chronicle