

Ўйиндан кейин "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Баҳсга киришиб кетишимиз осон бўлмади. Рақиб сафида техник маҳоратли яхши футзалчилар бор, улар майдоннинг кичик қисмларида тезкор қарор қабул қилишди. Биринчи бўлиб гол ўтказдик, кейин тенглаштирдик, сўнгра ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Аммо охирида яна тўп ўтказиб дуранг қайд этдик.
- "Шўртан" асосий голларни стандарт вазиятдан ўтказиб юбораётганини статистика айтиб турибди. Тўпга зарба берилишидан олдин футболчиларда жойларни ёпиш учун етарлича вақт бўлади, лекин барибир гол ўтказяпти. Сиз мураббий сифатида бунга нима дейсиз?
- Иккинчи голдаги вазиятда масофа узоқ эди, фақат рақиб ўйинчиси жарима зарбасини жуда яхши амалга оширди. Ўша вазиятда дарвозабонимиз ё тўпни кўрмай қолди ёки тайёр эмасди. Кичик сониялардаги сусткашлик шунга олиб келяпти. Ҳар доим сергак бўлиш керак. Доим футболчиларга қўполлик қилмасликни уқтиряпмиз, чунки хатолар қимматга тушяпти.
- Бугун "Яйпан" жамоаси билан баҳсда хатолар кам кўзга ташланди.
- Рақиб олдинда прессинг уюштирди, ўз навбатида биз ҳам тезроқ ўйнашга ҳаракат қилдик. Пролигада аксар жамоалар ёш ва уларга қарши тезкор ўйин намойиш этиш зарур бўлади. Ўйинимизда сифат ошиб боряпти, лекин бу ҳали кам. Бизга ёқмаётган жиҳат майдондаги ҳаракат. Кўп бора футболчиларга тезроқ ҳаракат қилиш кераклигини уқтиряпмиз.
- Биринчи гол 8-дақиқада ўтказилди. Голгача режа қанақа эди-ю, голдан кейин нима ўзгарди?
- "Яйпан" босим қилишини кутгандик. Баъзи ҳаракатларимиз жуда ёмон чиқди. Кўп ҳолларда нотўғри қарор қабул қилдик. Биринчи таймда кўп куч йўқотдик. Рақиб тўп билан муомалалада бизга нисбатан яхшироқ кўринди. Иккинчи таймда анча яхши ҳаракат қилдик деб ўйлайман.
- Сизнингча, натижа ўйинга мосми?
- Ўзимиз йўл қўйган хатолар туфайли рақиб иккита гол урди. Бугун ғалабага мос ўйин намойиш эта олмадик. Рақиб сафида 7, 77-рақамли футболчилар олдин футзал ўйнаганини билардик. Кичик ҳолатларда улар босимдан чиқиб кета оляпти.
- "Яйпан" бош мураббийи ёшларда иштаҳа карнай бўлади деди. "Шўртан" таркибига ҳам кўпроқ ёшларни жалб қилиш керак эмасмикин?
- Тўғри, ёшларда иштиёқ баланд бўлади. Суперлигани кўрган тажрибали футболчилар асосан шу тажрибага таяниб ҳаракат қилади. Қишда селекция олиб бордик ва шу аснода янгиларни таклиф этдик. Кимдир яхши ҳаракат қиляпти, кимдир йўқ. Лекин транфер ойнаси очилгунча шу таркиб билан ўйинларни ўтказишга мажбурмиз.
- Ҳимоячи Улуғбек Худойбердиевга кам имконият бериляпти.
- Ўйиндан ўйинга ротация қилиб борамиз ва кейинги баҳсларда Улуғбекка ҳам имкон берамиз.
- Клубда моддий масалалар бўйича муаммо йўқми?
- Ҳаммаси яхши, Худога шукур. Футболда ҳамма нарсани моддиятга тақамаган маъқул. Қолаверса ҳадеб айбни футболчиларга ағдариш фикридан йироқман, барибир мураббий сифатида энг катта айб ўзимда бўлади. Биз ҳам ўйиндан ўйинга кучайиб боришни хоҳлаймиз ва бу борада иш олиб боряпмиз.



