Мавсумнинг омадсиз 10 та трансфери — "Насаф" "топ"!
04 дек 10:40
Новости
Ҳар бир жамоа таркибни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди, лекин барча трансферлар ҳам ўзини оқламади. Қуйидаги рўйхат — мослашмаган, ишончни оқламаган ёки ўзини кўрсата олмаган футболчилар таҳлили.
Олександр Воробей — рақобат туғдира олмаган кипер
"Насаф"да асосий дарвозабон сифатида Абдувоҳид Неъматов ҳисобланади. Табиийки, ўтган мавсум қишки трансферлар ойнасида унга муносиб рақобатчи зарур эди. Клуб бу мақсадда украиналик посбон Олександр Воробейни жалб қилди. Лекин кипер мавсум давомида кутилганидек рақобат туғдира олмади. Воробей дебют учрашувидаёқ Кубок мусобақасида "Пахтакор"дан 6 та гол қабул қилди. Рўзиқул Бердиев унга Элит ОЧЛда ҳам имконият берди. Аммо клубда дарвозабонлар ўртасида рақобат мавжуд эмаслиги биринчи навбатда Неъматовнинг ўзига салбий таъсир кўрсатмоқда.
30 ёшли дарвозабон барча мусобақаларда 4 та ўйинда 12 та гол ўтказиб юборди. Катта эҳтимол билан Воробейга жавоб берилади ва янги, муносиб рақобатчи изланади.

Аденис Шала — “аждарлар” кутган кучайиш амалга ошмади
Бу йил "аждарлар" легионерлардан барака топмади — бу фикрни Бердиевнинг ўзи ҳам матбуот анжуманида таъкидлаб ўтди. Аденис Шала ёзги трансферлар ойнасида таркибни кучайтириш мақсадида олиб келинганди. Албаниялик вингер Суперлигада 10 та ўйинда 549 дақиқа (ўртача 54 дақиқа) майдонда бўлди. Элит ОЧЛда эса 3 та учрашувда иштирок этди.
Шаланинг майдонда ажралиб турадиган кучли сифати сезилмади. Легионерлар жамоага фойда бериш учун чақирилади, аммо Шаланинг ҳеч қандай реаль нафи кўринмади.

Кингсли Сокари — “келди, кўрди, жароҳат олди”
Келди, кўрди, кетди. Бу ибора "Насаф"нинг нигериялик легионери Кингсли Сокарига тўлиқ мос келади. 30 ёшли ярим ҳимоячи келган заҳоти, ҳали майдон юзини кўрмасдан жароҳат олди. Бу ҳолатдан клуб зарар кўрди, холос.
Рўзиқул Бердиев одатда легионер танлашда жуда эҳтиёткор бўларди, аммо бу йил бу борада жиддий муаммолар кузатилди. Қийин тақвимда ротация қилиш учун футболчи йўқ, жароҳат ва дисквалификациялар эса доимий муаммога айланди.

Элдор Суюнов — мавсум бошида имконият, кейин эса қайдномадан ташқари
Амалдаги чемпион "Нефтчи"да бу мавсум 3 та яхши савиядаги дарвозабон жамоа таркибига киритилди. Лекин Ботирали Эргашев рақобатда устун келиб, асосий киперга айланди. Тажрибали Элдор Суюнов мавсум бошида 4 та ўйинда майдонга тушди. Ушбу баҳсларда дарвозаси 6 марта ишғал этилди, иккита ўйинда эса дарвозаси дахлсиз қолди.
"Пахтакор"дан учралган йирик (0:4) мағлубиятдан кейин Суюнов мавсум охиригача қайдномага ҳам киритилмади.

Жонатан Секейра — рақобатда ютқазган "шерлар" кипери
"Пахтакор"нинг бразилиялик кипери Жонатан мавсум бошида бир қанча ўйинларда майдонга тушди. Уни Морейра бошқарувда асосий дарвозабон сифатида кўрди. Бироқ Жонатан кутилган натижани кўрсата олмади.
Посбон 9 та учрашувда 12 та тўп ўтказди, фақат 2 та баҳсда дарвозасини соф сақлади. Якунда рақобатда Владимир Назаров устун келди ва ўз ўйинлари билан асосий кипер бўлишга ҳақли эканини исботлади. Жонатан эса ижобий таассурот қолдиролмади.

Ажак Риак — трансфердан кўра эксперимент
Қишда ОКМКга олиб келинган Ажак Риакдан катта умидлар бор эди. У Жанубий Судандан, Европа футболи муҳитини кўрган, “Шериф”да ўйнаган, терма жамоа аъзоси — лекин амалда барчаси бошқача бўлди.
Риак Қосимов жамоасига мослаша олмади. Биринчи даврада 5 та учрашувда ўйнади, аммо самара кўрсатмади. Иккинчи даврада фақат 1 та баҳсда майдонга тушди. Ҳужумчилардан кутилган вазифалар — зарба, якунлаш, таҳдид — ҳеч бири бажарилмади. У бирорта гол урмади. Шу боис у билан хайрлашиш мантиқан тўғри қарор.

Шаҳзод Убайдуллаев — ишонч берилди, натижа эса кўринмади
"Навбаҳор" бу мавсум бошида трансфер сиёсатини ўзгартириб, маҳаллий футболчиларга кўпроқ имконият бера бошлади. Шу тарзда косонсойлик ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев ҳам жамоага қўшилди.
Охирги йилларда Беларусь ва "Металлург"да тўп тепган футболчидан маълум тажриба ва самара кутилганди. Убайдуллаев мавсумнинг биринчи ярмида 8 та учрашувда ўйнади, аммо бирорта гол урмади. Ишончдан чиқиб борарди ва охирги турларда захирада қолди. Иккинчи даврада қайдномага ҳам киритилмади.
Сильванус Нимели — хайп катта, ўйин эса кутилганидек эмас
"Сурхон"даги ўйинлари билан танилган Сильванус Нимели бу йил иккинчи даврада Ўзбекистон чемпионатига қайтди ва "Нефтчи"га қўшилди. Ундан катта мўъжизалар кутилди — Кожо билан бирга хавфли жуфтлик яратиши лозим эди.
Аммо Нимели 6 та ўйинда жами 214 дақиқа ўйнади, холос. Ҳужумдаги асосий юкни Марушич, Одилов ва Кожо кўтарди.

Манучеҳр Сафаров — потенциал бор, аммо тизимга мос тушмади
Тожикистон терма жамоаси аъзоси Манучеҳр Сафаров “Динамо” учун қишда амалга оширилган энг қизиқарли трансферлардан бири эди. Унинг юқори тезлиги, қанотдан қўшимча босим бериш қобилияти ва универсаллиги жамоага керакдек туюлган.
Қишки йиғинларда Сафаров рақобатга тайёр эканини кўрсатди, аммо расмий ўйинларда вазият бошқача тус олди. Абрамов тизимида у нафақат асосий таркиб, балки ротацияда ҳам ўрин топа олмади. Бунинг асосий сабаби – жамоанинг ўйин услуби Сафаровнинг кучли томонларига мос келмагани.
Шартнома борлиги боис жамоада қолди, аммо деярли ўйин амалиётига эга бўлмади. Сафаров якунда Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоасига қайтди.

Амед Кобена — 13 дақиқалик трансфер
"Қўқон-1912" Амед Кобенани қишда ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида олиб келганини эълон қилганида, жамоа мухлислари ундан камида рақобатчи бўлишни кутган эди. Лекин Кобена Ўзбекистон футболига мослаша олмади. Унинг трансфери амалга оширилган кунданоқ мутахассислар орасида тахминлар пайдо бўлганди — футболчи агентлар тавсияси билан олиб келинган, селекция чуқур ўрганилмаган кўринади, деган фикрлар бўлган.
У фақат бир учрашувда 13 дақиқа майдонда бўлди. Рақобат учун курашмади, таассурот қолдирмади ва апрель ойидаёқ шартномаси бекор қилинди.
"Қўқон-1912" мухлислари уни деярли танимай ҳам қолишди. Номи клуб тарихида эмас, трансфер рўйхатларидагина қолди.
Хулоса
Узоқ мавсум ортида қолар экан, ҳар бир жамоа, ҳар бир футболчи ва ҳар бир мураббийнинг тажрибаси алоҳида хулосаларни талаб қилади. Бу мавсумда ўзини тўлиқ намоён қила олмаган футболчилар мавжудлиги — жамоалар танлаган трансфер сиёсатининг ўзига хос синови бўлди. Аммо муваффақиятсиз мавсум ёки кутилмаган пасайиш — футболчининг имкониятлари тугади, дегани эмас.
Кимдир янги муҳитга мослашиш учун кўпроқ вақтга муҳтож, кимдир ишончсизлик туфайли ритмдан чиқди, яна кимдир эса тактик жиҳатдан ўз ўрнини тополмади. Лекин айнан шундай муаммолар баъзан футболчини янада кучли қилади.
Похожие новости
championat.asia
Расман: Тимур Кападзе — "Навбаҳор" бош мураббийи!
Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Жирона"ни мағлуб эта олмади
Расмий хабар: Исломбек Исмоилов — "Нефтчи" бош мураббийи
Эшитдик-да! "Навбаҳор" тез орада янги мураббийни таништиради
Комментарии