Улуғбек Исмоилжонов: "Бугун ҳаммамиз устознинг хотираси учун ҳаракат қилдик"

28 ноя 2026, 20:56
2027 йилги Суперлигага ўтиш ўйинидан ўрин олган "Металлург" - "ФарДУ" учрашувидан сўнг матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида "ФарДУ" мураббийи Улуғбек Исмоилжонов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйинга қандай кайфиятда етиб келганимизни ҳамма билади. Жамоамиз бош мураббийи Сергей Лебедевнинг вафоти ҳаммамизни тушкун аҳволга солди. Йигитларга раҳмат, охиригача курашдик ва ўз мақсадимизга эришдик. Бугун ҳаммамиз устознинг хотираси учун ҳаракат қилдик. Кейинги босқичга чиқанимиз билан университет маъмурияти ва талабаларни, клубимиз раҳбарияти, барча яқинларимиз ва жамоамиз ишқибозларини табриклайман. Шу ўринда бизни яхши кутиб олгани учун "Металлург" клубига ҳам миннатдорлик билдирамиз.

- Оғир йўқотишдан сўнг футболчиларни бу ўйинга руҳан қандай тайёрлай олдингиз?
- Қийин ҳолатда эдик, футболдаги отамизни йўқотдик. Бу гапларни айтиш мен учун осон эмас. Устозимизнинг кўрсатмалари, машғулот пайтидаги ҳазиллари ҳаммаси ёдимизда. Аввалги ўйин шу стадионда "Металлург"га мағлуб бўлганимизда устоз менга "Улуғбек, шу пайтгача мураббий ва футболчи сифатида Бекободда умуман ютқазган эмасман. Бу биринчиси бўлди" деганди. Бугун ўйиндан олдин шу гапни йигитларга айтдим ва устознинг хотираси учун ютишимиз кераклигини уқтирдик.

- Биринчи тайм сўнггида кўрсатилган қизил карточка бўйича фикрингиз?
- Ўйинда ВАР ишлади. Ҳакамлар ҳолатни ВАР орқали кўриб қарор чиқаришди. Мен ҳакамларнинг қарорини муҳокама қилмоқчи эмасман. Футболчиларимиз билан фахрланаман. Бугун ҳамма бор кучини бериб ўйнади. Устозимиз доим менга "жангчилар" керак дерди, бугун ҳамма "жанг" қилди дея оламан.

- Энди кейинги босқичда "ФарДУ" "Олимпик Мобиуз"га қарши баҳс олиб боради.
- "Олимпик Мобиуз" жуда яхши шаклланган жамоа. Улар бежизга "Шўртан"ни мағлуб этишмади. Улар бизни, биз уларни яхши биламиз. Устоз ҳаётлигида "ФарДУ"ни Суперлигада кўришни хоҳлагандилар. Насиб қилса шуни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia