

"Бугун УЕФА президенти Александер Чеферин раислигида ўтказилган йиғилишда УЕФА Ижроия қўмитасида вакиллик қилувчи миллий ассоциациялар Франция футбол федерацияси (FFF) президенти Филипп Диаллога 2027 йил март ойида бўлиб ўтадиган ФИФА президентлиги сайловларида ўз номзодини илгари суришни таклиф этишди ва унга бир овоздан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда беришди.
Филипп Диалло футбол тузилмасининг барча даражаларида улкан иш тажрибасига эга. У Франция профессионал футбол клублари манфаатларини ифодаловчи ташкилотга раҳбарлик қилган, Франция профессионал лигаси раҳбарияти таркибига кирган ҳамда ФИФАнинг низоларни ҳал этиш билан шуғулланувчи тузилмаларида фаолият юритган. 2023 йилда у Франция футбол федерацияси (FFF) президенти ва УЕФА Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган.
ФИФАнинг ривожланиш йўналиши борасидаги жиддий хавотирлар фонида миллий ассоциациялар жаҳон футбол ҳамжамиятида бирдамлик ва ишончни тиклашга чақирди. Шунингдек, улар ФИФА дунёнинг барча минтақаларида футболни ривожлантиришни ўз фаолиятининг асосий мақсадига айлантириши, бошқарувнинг энг юқори стандартларига риоя қилиши ҳамда аъзо ассоциациялар, конфедерациялар ва футбол соҳасидаги бошқа манфаатдор томонлар билан яқин ҳамкорликда ишлаши лозимлигини таъкидлашди. Улар ушбу мақсадларни амалга ошириш учун зарур етакчилик фазилатларига эга эканига ишонч билдирган ҳолда, Филипп Диаллога тўлиқ ишонч изҳор этишди.
Филипп Диалло ўз номзодини илгари суриш таклифини қабул қилди. Эртага Франция футбол федерацияси (FFF) ижроия қўмитаси йиғилишида унинг номзоди расман тасдиқланиши кутилмоқда", — дейилади УЕФА баёнотида.



