Тимур Кападзе: "Иккинчи голнинг эҳтимоли ҳам йўқ эди, тўп назорати бизда эди. Аммо бу футбол…"

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2026, 21:49
"Сўғдиёна" ҳамда "Навбаҳор" ўртасидаги Суперлиганинг 29-тур учрашувидан (2:1) сўнг меҳмонлар устози Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.

Тимур Кападзе: "Жиззах жамоасини ғалаба билан табриклайман. Жадвалдаги ҳолатни билардик. "Сўғдиёна" учун ҳам бу жуда муҳим баҳс эди. "Навбаҳор"га эмоционал "заряд" етмагандек туюлди. Шунга қарамасдан, имкониятларга эга бўлдик, учрашувни назорат қилдик. Кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.

Жорий мавсум учун яна иккита баҳсимиз қолди. Чарчоқ сезиляпти. "Нефтчи" ва ОКМКга қарши учрашувлар қийин кечди. Бу ўз таъсирини кўрсатмоқда. Узоқ йўл босиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга раҳмат айтамиз.

Мотивациямиз бор эди, курашларда яхши иштирок этдик. Иккинчи голнинг эҳтимоли ҳам йўқ эди, тўп назорати бизда эди. Аммо бу футбол… Бизни финал кутиб турибди, ўша баҳсга тайёргарлик кўришимиз керак.

Майдон? Майдон ҳам унчалик яхши ҳолатда эмас. Кўп омиллар футболчининг кайфиятига таъсир қилади. Учрашувда назорат биз томонда эди, аммо вазиятлар яратишга қийналдик. "Сўғдиёна" Суперлигада жон сақлаш учун курашяпти ва бу учрашувда бор кучини беришини билардик. Лекин биз ҳам фаолроқ ўйнасак бўларди.

Финал? "Локомотив" — яхши жамоа. Иккала жамоа ҳам битта ўйинга бор кучи билан тайёргарлик кўради".

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia