Суперлига-2027 йўлланмаси учун курашга оз қолди

Sherzod Nurmatov
10 ноя 2026, 13:55
Кеча, 9 ноябрь куни Пролига мавсуми якунига етди.

“Арал” муддатидан аввал мусобақа ғолиблигини қўлга киритиб, 2027 йилги мавсумни Суперлигада ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Пролига иштирокчиларидан яна бирига ҳам Суперлига йўлланмаси насиб қилиши мумкин. Бунинг учун тўрт клуб 25 ноябрдан эътиборан курашга қўшилади. Якуний муваффақият кетма-кет уч ғалаба эвазига қўлга киритилади.

Пролига регламенти асосида мавсумни кучли учликда якунлашга эришган “Металлург” 25 ноябрь куни “ФарДУ” клубини қабул қилади. Эртасига эса “Олимпик-MobiUz” Ғузорда “Шўртан” меҳмони бўлади. Ҳар икки беллашув ғолиблари 5 декабрь куни мавсумни нисбатан юқори ўринда якунлаган клуб майдонида тўқнаш келади.

2.jpg

Суперлига плей-офф учрашувларида иштирок этадиган тўрт клуби номи ҳозиргача аниқ эмас. Назарий жиҳатдан 15-ўринда кураш олиб бораётган “Қўқон-1912” клубида ҳам Суперлигадаги ўрнини плей-офф ўйинларисиз сақлаб қолиш имконияти мавжуд. Айни вақтда элита клублари мавсумни 12-ўриндан юқорида якунлаш учун кураш олиб бормоқда.

Чемпионатдаги ўрнини плей-офф орқали сақлаб қолиш илинжидаги клублар шу плей-оффдаги ҳеч бўлмаганда битта учрашувда ғолиб чиқиши лозим. Учрашувлар 6 ҳамда 9 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Якуний ўтиш ўйини эса 12 декабрга режалаштирилган.

Маълумот учун, ҳар икки мусобақанинг плей-офф босқичи ва ўтиш учрашувларида ғолибни асосий вақтда аниқлашнинг имконияти бўлмаса, ҳар бири 15 дақиқадан икки қўшимча таймлар белгиланади. Лига барча учрашувларни трансляция қилиш ва уларда VAR техникасидан фойдаланиш масаласини “Футбол ТВ” ҳамда ЎзФҲМ билан мувофиқлаштирмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: pfl.uz