Стефан Чинеду: "Акробатик гол уриш – услубим. Мен учун ҳамиша энг зўр ҳужумчи Левандовски бўлган"

Оқил Абдубарноев
9 апр 2026, 10:45
"Сурхон" ҳужумчиси Стефан Чинеду Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган ОКМКга қарши ўйиндан сўнг (1:1) ўз фикрларини билдирди.

– Қойилмақом гол урганингиз билан табриклайман. Ўйин ҳақидаги фикрингиз қандай?

– Аввало, шу даражага етиш имкониятини бергани учун Худога шукрона айтмоқчиман. Ўйинга келсак, биринчи бўлимни яхши бошлай олмадик, аммо кейин ўйинимиз анча жонланди. Ўйинимизни кучайтирдик, иккинчи тайм биринчисига қараганда анча яхши ўтди. Энг муҳими, мағлубиятдан кўра ижобийроқ ҳисобланган дурангга эришдик. Бу эса кейинги ўйин олдидан жамоа учун фойдали.

– "Сурхон" мухлислари бу голни узоқ вақт эслаб юришади. Сўнгги дақиқадаги "қайчи" услубидаги зарба... инстинкт эдими ёки бундай акробатик зарбаларни машғулотларда такрорлайсизми?

– Ростини айтсам, икки кун олдин машғулотда ҳам худди шундай акробатик зарба билан гол ургандим, шунинг учун, ҳа, бу меники, десам ҳам бўлади. Бу мен ёқтирадиган голлар туридан. Мавсумолди йиғинларида ҳам шундай гол урганман. Хуллас, шунақа голларни уришни жуда яхши кўраман.

– Мавсум бошида ўзингиз учун маълум бир голлар сонини мақсад қилиб қўйганмидингиз? Олтита турда етарлича гол урганингизни ҳисобга олсак, ўз режангиздан олдиндамисиз?

– Ҳозир менда тўртта гол бор. Ҳаммаси яхши кетмоқда ва энг муҳими, мен шахсан ўзимнинг эмас, жамоамизнинг ғалабасини хоҳлайман. Бу шахсий ютуқдан кўра кўпроқ жамоавий меҳнатга ўхшайди. Гол урганим яхши бўлди. Лекин, жамоамизнинг ғалаба қозонишини жудаям истардим.

– Ҳужумчилар орасида сизнинг кумирларингиз кимлар ва уларнинг қайси жиҳатларини ўзлаштиришга ҳаракат қиласиз?

– Очиғи, мен учун энг зўр ҳужумчи ҳамиша Роберт Левандовски бўлган. Ҳа, унинг инстинкти, ўйинни ҳис қилиши ва гол уриш учун тўғри жой танлай олиши менга жуда ёқади. У менинг энг катта илҳом манбаим.

ЧИНЕДУНИНГ ГОЛИНИ ТОМОША ҚИЛИШ


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia