

Рамос 2010 йилги жаҳон чемпионлигини қўлга киритган финалда кийган футболкаси Бразилиядаги аукционда сотувга қўйилди. Яқин вақтгача у Снейдернинг шахсий коллекциясида сақланарди.
Нидерландиялик футболчи қўшимча вақтдаги финал мағлубиятидан (0:1) кейин испаниялик футболчи билан либос алмашган. Ушбу тўқ кўк рангли футболка учун Снейдер 65 126 евро олди. Узун енгли, 15-рақамли футболка аъло ҳолатда сақланган бўлиб, ундаги барча асл нашивка ва ёзувлар ўз ҳолича қолган.
Снейдер шу финалда ўзи кийган футболкасини ҳам аукционга қўйди. У 5 минг евродан сал кўпроқ маблағга сотилди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида собиқ ярим ҳимоячи жаҳон чемпионатларида қўлга киритган бир қатор совринларини ҳам сотган эди:
2010 йилги ЖЧнинг "Кумуш тўп" соврини — 19 000 евро;
2014 йилги ЖЧнинг бронза медали — 6 500 евро;
Нидерландия 2014 йилги ЖЧ чорак финалида Бразилияга қарши ўйнаган тўп — 6 100 евро;
2014 йилги ЖЧ иштирокчиси медали — 1 024 евро.




