Санжар Шомуродов: "Иккинчи даврага бошқа "ТерДУ" бўлиб қайтамиз"

Aslanov Jasurbek
11 июн 2026, 00:17
Пролига 10-турдан ўрин олган "БухДУ" – "ТерДУ" учрашуви 2:0 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "ТерДУ" спорт директори Санжар Шомуродов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало "БухДУ" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Менимча, биз мағлубиятга лойиқ эмасдик. Ҳаракат қилдик, лекин тўп дарвоза тўрига кирмади. Энди танаффусга чиқамиз ва таркибни бошқаттан кўриб чиқамиз. Футбол шунақа - кимдир ютади, кимдир ютқазади. Футболчиларимизга ўйин учун раҳмат айтаман, хатоларни ўрганиб чиқамиз. Ҳар учрашувда вазиятлар яратяпмиз, лекин гол бўлмаяпти. Негадир ишимиз ўхшамаяпти. Камчиликлар бор, оралиқ танаффусда шулар устида ишлаймиз. Жамоани кучайтириш ниятидамиз. Иккинчи даврага бошқа "ТерДУ" бўлиб қайтамиз.

- Негадир жамоангиз ҳужумларни охирига етказа олмаяпти. Бу нима билан боғлиқ?
- Пролигада қатнашишимиз февраль ойида аниқ бўлди. Жуда қисқа муддат йиғин ўтказдик, бор маҳаллий ўйинчиларни рўйхатдан ўтказдик. Биз Пролига даражасига энди чиқиб боряпмиз. Ҳужумчиларимиз ҳам тажрибасизлик қиляпти. Чемпионат бошидан бери ҳамма ўйинда вазият яратяпмиз, лекин гол уришга келганда омад келмаяпти. Камчиликлар устида иш олиб борамиз.

- "Эшко" лақабли Азиз Эшқобилов ҳақида фикрингиз?
- У энг яхши футболчиларимиздан бири бўлди. Кўп вазиятлар яратишда ўз ҳиссасини қўшди. Барибир бир кишининг ҳаракати кам бўлади. Азиз - келажаги бор бола, ўз устида ишлашни давом эттириши керак. Кўп футболчиларимиз Пролигада бу йил ўйнаяпти, асосан иккинчи-биринчи лигада ўйнаб юрган футболчилар.

- Жамоангиз иккита голни ҳам тўп бой берилгач ўтказди. Жисмоний ҳолатдан муаммолар борми?
- Ўйинлар оралиғи жуда қисқа. Боя айтганимдек, йиғин ўтказиш учун фақат бир ой вақтимиз бўлди. Бу билан жамоа жисмоний ҳолатини ўзимиз ўйлаган даражага чиқара олмадик. Энди оралиқ танаффусда шунинг устида ишлаймиз.

- "ТерДУ" ўз олдига қандай мақсад қўйган?
- Сурхондарёда футболчи кўп. Мақсадимиз вилоятимиз бош жамоаси "Сурхон"га ўйинчи етказиб бериш. Лекин ҳамма ҳам "Сурхон"га ўта олмайди. Кўрикдан қолиб кетган футболчиларни йиғиб улар билан ишлаб келяпмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›