Пеп Гвардиола: "Португалия футбол федерацияси Криштиану Роналдунинг фаолияти муносиб якунланишини таъминлаши шарт"

Aslanov Jasurbek
25 ноя 2026, 12:10
"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола Португалия терма жамоаси ва юлдуз ҳужумчи Криштиану Роналду ўртасидаги вазиятга муносабат билдириб, томонларни ўзаро келишувга чақирди.

Испаниялик мутахассиснинг фикрича, Роналду терма жамоани бундай тарзда тарк этмаслиги керак.

"Португалия футбол федерацияси Криштиану Роналдунинг фаолияти муносиб якунланишини таъминлаши шарт. Муносиб хайрлашувни кафолатлаш учун ҳар икки томон ҳам ҳаракат қилиши керак. Криштиану Роналду Португалия терма жамоасини бундай тарзда тарк этмаслиги лозим — уни шундай қўйиб юбориш мумкин эмас.

У нафақат ўзи ва Португалия учун, балки португалиялик футболчиларнинг келажак авлодлари учун ҳам ниҳоятда муҳим шахс бўлиб келган. Улар Криштиану Роналду ўз шартлари асосида кетишга ҳақли эканини тушунишлари керак. Ноёб футболчилар бор ва Криштиану Роналду улардан бири — шунинг учун бу вазият албатта тўғриланиши зарур. Буни тўғрилайдиларми ёки йўқми, менинг ишим эмас, лекин улар буни қилишлари шарт.

Ҳа, унинг футбол оламида эришган ютуқлари бошқача якунга лойиқ. У ватандошларининг меҳрини ҳис қиладиган байрам уюштирилиши керак ва ўз навбатида у ҳам ташаббус кўрсатиб: "Келинг, ўтмиш саҳифасини ёпамиз", дейиши лозим.

Бутун бошли фаолиятга бир-икки ойлик воқеалар ёки бир-икки киши билан юзага келган келишмовчилик ва тушунмовчилик сабабли баҳо берилмаслиги керак. Асраб-авайлашга ва ҳимоя қилишга арзийдиган ютуқларга тўла фаолиятлар бор. Ўз ўйинининг энг юқори чўққисида бўлган буюк футболчилар иззат-икром билан, бош эшикдан кетишга лойиқдирлар.

Биринчидан, улар бунга спортга берган барча нарсалари орқали эришганлар — футболнинг ўзи улардан бу эътироф учун қарздор. Иккинчидан эса, майдонга илк қадамларини қўяётган ва: "Мен фаолиятимни Ромарио, Криштиану Роналду, Лионель Месси, Паоло Мальдини ёки тарихдаги бошқа буюклар каби якунлашни хоҳлайман", дейдиган болалар ҳаққи-ҳурмати учун ҳам шундай бўлиши керак", — деди Гвардиола.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Fabrizio Romano