

"Сантос" клубининг 34 ёшли ҳужумчиси Бразилия миллий терма жамоасининг ёзги мусобақа учун эълон қилинган якуний қайдномасидан жой олди.
Globo Esporte нашрининг хабар беришича, ўтган пайшанба куни Анчелотти ва Неймар ўртасида видеоалоқа орқали суҳбат бўлиб ўтган. Унда италиялик мутахассис футболчининг терма жамоага қайтиши учун бир қатор шартларни илгари сурган.
Маълум қилинишича, мураббий ҳужумчига у асосий таркиб ўйинчиси, айниқса, жамоа сардори бўлмаслигини очиқ айтган. Шунингдек, Неймар бундан олдин терма жамоада амал қилган имтиёзли қоидаларини унутиши ва ички интизомга қатъий бўйсуниши лозим. Унга худди терма жамоага чақирилган бошқа оддий футболчилардек муносабатда бўлишади.
Бундан ташқари, унинг жамоадаги мақоми ўзгарганини яққол кўрсатиб қўйиш мақсадида, Неймар ўзининг машҳур 10-рақамини унинг ҳозирги эгаси Винисиус Жуниорга қолдириши керак бўлади.
Манбанинг таъкидлашича, Неймар мураббий томонидан қўйилган барча шартларни тўлиқ қабул қилган ва ушбу ўзгаришларга амал қилишга рози бўлган.



