"Вазият яна икки йилга чўзилиши мумкин". Футбол юристи "Манчестер Сити"га қўйилаётган 130та айблов ҳақида гапирди

Aslanov Jasurbek
20 май 2026, 16:26
Футбол юристи Том Мюррей "Манчестер Сити" клубига нисбатан эълон қилинган 130та молиявий қоидабузарлик бўйича чиқариладиган якуний ҳукм ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Эслатиб ўтамиз, Премьер-лига "шаҳарликлар"ни 2009 йилдан бошланган тўққиз йил давомида молиявий қоидаларни бузганликда айбламоқда. Мазкур иш бўйича суриштирувлар 2019 йилда бошланган бўлиб, унда клубнинг молиявий ҳисоботларни сохталаштиргани ва тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани каби жиддий айбловлар илгари сурилган. "Манчестер Сити" раҳбарияти эса бу айбловларни мутлақо рад этиб келмоқда. Маҳкама тингловлари 2024 йилнинг сентябрь ойида бошланиб, 10 ҳафта давом этган эди, бироқ томонлар ҳалигача якуний хулосани кутишмоқда.
"Менимча, ҳозир ҳеч ким аниқ гапни билмайди. Мен ушбу иш устида ишлаётган адвокатлар билан гаплашдим, ҳатто улар ҳам қарор қачон эълон қилинишидан бехабар. Турли тахминлар илгари суришни истардим, аммо бундан ҳеч қандай мантиқ йўқ.
Хўш, якуний натижа қандай бўлади? Менинг фикримча, "Манчестер Сити" барибир қайсидир қоидабузарликларда айбдор деб топилади. Айбловлар сонини инобатга олсак, улар сувдан қуруқ чиқиб кета олишмаса керак.
Бироқ бу жараён имкон қадар узоқ давом этади. Менимча, бизни ҳали аппеляция босқичи кутмоқда ва яна худди шу вазиятга қайтамиз. Агар орадан яна икки йил ўтиб ҳам якуний тўхтамга келинмаса, бундан ҳайратланмаган бўлардим", - деди Мюррей "Price of Football" подкастида.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: The Mirror