

ОКМК, "Андижон", "Навбаҳор", "Қизилқум" каби жамоаларда ўйнаган ҳужумчи Неманя Йованович бугунги кунда бутсаларини михга илган. Биз у билан боғланиб айни пайтдаги фаолияти ва Ўзбекистондаги дамларини ёдга олдик.
— Бугунги кунда нима билан шуғулланяпсиз? Қайси клубда ва қандай лавозимда ишлаяпсиз?
— Ҳозирда оилам билан Германияда яшаяпман. Қарийб 5 йилдан бери шу ердаман. Қуйи лигалардаги жамоалардан бирида мураббийлик фаолияти билан шуғулланяпман. Айни пайтда UEFA “A” лицензиясини олиш учун ўқияпман — яна икки ойдан кейин қўлга киритаман, деган умиддаман. Шундан сўнг юқори лигаларда иш топишни мақсад қилганман.
— Ўзбекистон чемпионатини кузатиб борасизми? Бугунги ўзбек футболи ҳақида фикрингиз қандай?
— Албатта, доим кузатаман. У ерда ҳали ҳам кўп танишларим бор — айримлари футболчи, бошқалари эса мураббий ёки спорт директори бўлиб ишлаяпти. Одатига кўра, “Пахтакор”, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Нефтчи” каби жамоалар ҳар йили юқори ўринлар учун курашади. Умуман олганда, яхши жамоалар кўп ва чемпионат рақобатбардош.
— ОКМК, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Қизилқум” каби клубларда ўйнагансиз. Ўша даврлардан қандай хотиралар қолган?
— Шуни айта оламанки, қайси жамоада ўйнаган бўлсам ҳам ўзимни жуда яхши ҳис қилганман. Мураббийлар ҳам яхши эди, мухлислар эса ажойиб. Ўзбекистонда одамлар футболни жуда яхши кўради. У ерда кўплаб дўстлар орттирдим ва бу мен учун жуда қадрли.
— Ўзбекистон чемпионати тарихидаги энг кучли сербиялик легионерлардан кимларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
— Жуда кўп кучли сербиялик футболчилар ўйнаган. Лекин, менимча, Драган Черан энг катта таассурот қолдирган футболчилардан бири.
— Ўзбекистон терма жамоасидан Жаҳон чемпионатида нима кутаяпсиз?
— Менимча, улар гуруҳдан чиқишади. Кейин эса — ҳаммаси футболга боғлиқ. Терма жамоада жуда яхши жамоавий муҳит бор, иқтидорли ёшлар кўп. Шунингдек, Европада юқори савияда ўйнаётган бир неча футболчиларингиз ҳам бор. Барчаси футболчиларнинг ўйинига боғлиқ, лекин ҳамма нарса рўй бериши мумкин — балки Ўзбекистон бир неча йил аввалги Марокаш каби сенсация кўрсатар.



