

– Ўйин ҳақида...
– Энг аввало, мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бугун стадионда шунчаки ақл бовар қилмас муҳит ҳукм сурди. Бу ўйинчиларимизга олдинга интилишга ёрдам берди. Афсуски, бундай ўйинларда хатонинг товони жуда юқори бўлади ва биринчи хатони биз қилдик. Лекин йигитларга қойил қолиш керак, уларга катта раҳмат. Улар охиригача ҳаракат қилишди, охиригача курашишди. Бугун ғалаба қозонишни жуда хоҳлаган эдик ва ўйин охири бунинг исботидир – гол уриш учун бутун кучимиз билан рақиб дарвозаси томон ташландик. Афсуски, ўхшамади, аммо бу – футбол.
– Пенальтилар ва стандарт вазиятлар ҳақида...
– Гарчи машғулотларда йигитлар зарба бериб, буни ижро этишаётган бўлса-да, сўнгги ўйинларда пенальтилар билан боғлиқ вазият бизда ўхшамаяпти. Бу жиҳат устида ишлашда давом этамиз. Стандарт вазиятларга келсак, бугун ҳам, ОКМК билан ўйинда ҳам стандарт вазиятдан гол урдик. Бунинг устида ишлаяпмиз, лекин, эҳтимол, рақиб ҳам яхши ҳимояланди ва бизни ўрганди. Шунинг учун футболнинг ҳар бир жиҳатида кучайишимиз керак, ҳар бири устида ишлаяпмиз. Афсуски, ҳар доим ҳам ўхшайвермайди. Катта жамоаларда ҳам доим ўхшайвермайди, биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Аммо бу борада кучаямиз. Бугун мухлисларни ғалаба билан хушнуд этиш учун вазиятлар етарли эди. Яна бир бор қайтараман, биз бунинг учун барча ишни қилдик ва ғалаба қозонишни хоҳладик. Лекин, афсуски, шундай бўлиб қолди.
– Ўткир Юсупов ҳақида...
– Ўткир Юсуповга келсак, унинг малакасига шубҳа қилишга ўрин йўқ. У юқори савияли дарвозабон ва ўз ишининг устасидир. Жаҳон чемпионатига чиққанимизда унинг терма жамоадаги ўйини бунга яққол исботдир. Эҳтимол, ҳар бир ўйинчида, ҳар бир дарвозабонда қандайдир пасайиш даврлари бўлиб туради. Бугунги голда уни айблаш, эҳтимол, адолатдан бўлмас. Чунки Ўткир ўтказиб юбораётган голлар фақат унинг айби эмас. Бу хатолар кетма-кетлиги, гол ўтказиб юборганимизнинг оқибатидир. Сабаби эса ундан олдинроқ юз берган ҳолатларда яширинган – нима учун шундай ўйнадик, нима учун шундай вазият юзага келди. Эҳтимол, бошқа ўйинларда вазият бошқачароқ бўлар, аммо яна бир бор таъкидлайман, биз унга шубҳа қилмаймиз.
– Бугунги ўйиндан сўнг жамоа чемпионлик пойгасидан чиқдими, нима деб ўйлайсиз?
– Ҳали ўйинлар бор. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Доимо ишониш ва ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга интилиш керак. Мухлислар хурсанд бўлиши, ўйинимиз уларни қувонтириши учун барча ишни қилишга ҳаракат қиламиз ва натижа бўлиши учун курашамиз. Натижага эришиш йўлида барча кучимизни берамиз.
– Менда иккита савол бор. Асосий таркибда Норчаев ва Кожо тандемини кўриш мумкинми? Шунингдек, Фернандес билан боғлиқ вазиятга изоҳ берсангиз, уни анчадан бери кўрмаяпмиз...
– Алекснинг тиззасида жароҳати бор. Унга операция қилишди. Ҳозир у тикланиш жараёнини ўтказади. Умид қиламанки, тикланиш жараёни яхши ва тез ўтади ҳамда биз уни яна майдонда кўрамиз. Тандем бўлиши тўла мумкин, бугун ҳам, ўтган ўйинда ҳам Норчаев ва Абдураҳмоновдан фойдаландик. Улар гол уришни билишади, гол ура олишади. Мана шундай комбинацияни синаб кўрдик. Шунинг учун бундай тандемни кўришимиз эҳтимоли юқори. Барчаси тайёргарлик даражасига боғлиқ бўлади. Биз доимо таркибни йигитларнинг қанчалик тайёрлиги, қанчалик ҳаракат қилаётгани ва машғулотларда ўзларини қандай кўрсатаётганига қараб танлаймиз. Шунингдек, бизда доимо рақибнинг қандай ўйнашига қараб ўйин режаси ҳамда ўйинни кучайтириш режаси бўлади.
– Нима учун пенальтидан олдин тўпни бошқа футболчига беришди? Бу хоҳишга боғлиқми?
– Бу ўзига хос бир "усул" ҳисобланади. Биз кўрдикки, дарвозабон зарба бераётган футболчига руҳий босим ўтказади. Шунинг учун бизнинг йигитлардан бири атайлаб гўёки ўзи пенальти тепмоқчи бўлгандек тўпни қўлига олиб турди. Кейин дарвозабон ўз жойини эгаллагач, асосий тепувчи футболчи тўпни хотиржам олиб, зарба берди.
– Демак, жамоада асосий пенальти тепувчи борми?
– Асосий пенальти тепувчиларимиз бор, бизда пенальтини ижро эта оладиган уч-тўрт нафар футболчи мавжуд. Бу ўйин давомида ким ўзини қандай ҳис қилаётгани, ўзига қанчалик ишонганига боғлиқ.
– Дарвозабонларга ҳам зарба бериш имкониятини берасизми?
– Машғулотлар сўнгида пенальтилар тепамиз ва ҳаттоки дарвозабонлар ҳам бир-бирига зарба беришади. Шунинг учун ҳеч нарсани истисно қилиб бўлмайди.
– Шоҳруҳ Абдураҳмоновнинг жароҳати нима бўлди, қанчалик жиддий?
– Унинг сонининг орқа мушакларида муаммо бор. Жароҳатнинг қанчалик жиддийлигини баҳолаш учун УЗИ қилиш керак. Унга фақат тезроқ соғайишини тилаймиз ва кейинги ўйинларда бизга ёрдам беради, деб умид қиламиз.
– Ўзбекистон кубогидаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?
– Барчамиз умид қиляпмиз. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Биз ҳаракат қиляпмиз, бунинг учун барча ишни қиляпмиз. Лекин, афсуски, бу – футбол. Хатолар бор ва бўлади ҳам, улардан қочиб қутулиб бўлмайди, улар ҳатто кундалик ҳаётимизда ҳам учрайди. Сиз билан биз ҳам хато қилишимиз мумкин. Асосийси – тўғри хулоса чиқариш ва олдинга ҳаракат қилиш. Вазифамиз эса битта ва максимал – ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ҳамда мухлислар рози бўлиши. Чунки шундай ажойиб қўллаб-қувватлаш бўлди... Биз бугун уларни хурсанд қилишни жуда хоҳлаган эдик. Омад сизларга. Катта раҳмат.



