ЖЧ–2026 иштирокчиси бўлган терма жамоанинг 8 нафар футболчисида допинг излари аниқланди

3 июл 2026, 21:29
Жаҳон чемпионати–2026да иштирок этган Тунис терма жамоасининг 8 нафар футболчиси топширган допинг намуналарида кленбутерол моддаси излари аниқланди.

Футболчиларнинг шахси ошкор этилмаган. Шунингдек, уларнинг ҳеч бири мусобақалардан четлатилмаган, чунки аниқланган модда миқдори белгиланган меъёрдан паст бўлган. Бу меъёр Мексикада кленбутерол билан зарарланган гўшт истеъмоли билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганидан кейин жорий этилган. Мазкур модда айрим ҳолатларда чорвачиликда ноқонуний равишда қўлланилади.

Маълум қилинишича, Тунис терма жамоаси Жаҳон чемпионати давомида Мексиканинг Монтеррей шаҳрида жойлашган бўлган. Ижобий натижа қайд этилган намуналарнинг бир қисми Нидерландияга қарши гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинидан (1:3) 10–14 кун аввал олинган.

Кленбутерол Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, у анаболик стероидларга ўхшаш таъсир кўрсатади. У мушак массасини ошириш ва ёғ тўқималарини камайтириш хусусиятига эга.

Тунис футбол федерацияси, футболчилар ва уларнинг клублари текширув натижалари ҳақида хабардор қилинган. Ҳозирда қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда ва дастлабки маълумотларга кўра, футболчиларга нисбатан жазо қўлланилиши кутилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Тунис терма жамоаси ЖЧ–2026 гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда мағлуб бўлиб, 2:12 тўплар нисбати билан мусобақани тарк этган. Жамоа Японияга 0:4, Швецияга эса 1:5 ҳисобида имкониятни бой берган. Швециядан учралган мағлубиятдан сўнг бош мураббий Сабри Лямуши истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Эрве Ренар эгаллаган эди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: The Times