

Ўйиндан сўнг "Республика ФА" бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда ўйиндан ҳам, ҳисобдан ҳам кўнглим тўлди. Тўп назорати ҳам бизда бўлди. Рақибга яхши босим қилдик ва имкониятлардан фойдаландик. Иккинчи таймда хотиржамликка берилдик, рақиб бундан фойдаланиб ҳужумга зўр берди. Улар кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтганда бизни анча шошириб қўйишди. Иккинчи бўлим бошида ўтказиб юборилган гол вазиятни биз учун оғирлаштирди. Иссиқ об-ҳавода ўйнадик, бу ҳам таъсир қилди. Энг муҳими, ғалаба қозондик.
- Ўйиннинг соат 16:00га белгиланишини нормал деб ҳисоблайсизми?
- Менимча, шароитдан келиб чиқиб шу вақтга қўйилган бўлса керак. Биринчи марта соат 16:00да ўйнамаяпмиз. Кўп ўйинларни шу вақтда ўтказганмиз. Футболчилар эса ҳар қанақа ҳолатга мослашиши керак.
- Стандартлар яратиш ва фойдаланишни қандай баҳолайсиз?
- Тўғри, доим ҳам стандартларни голга айлантира олмаяпмиз. Муҳими, хавфли вазиятлар бўляпти. Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Барчаси машғулотлардаги режа бўйича кетяпти.
- Рақиб бугун бош мураббийсиз ўйнади. Бу сизга енгиллик бердими?
- Ўйлашимча, рақиб жамоада ёрдамчи мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам профессионал. Нима сабабдан бош мураббий иштирок этмаганини билмайман. Балки бу йигитларга мотивация бўлгандир. Айтиб ўтганимдек, иккинчи таймда рақиб анча қўшди ва бу ўринда бош мураббийнинг йўқлиги билинмади. Тўғри, бош мураббий бўлгани бошқа, лекин бугун рақиб ўйинчилари борларини бериб ўйнашди.



