Жамолиддин Раҳматуллаев — Корея билан ўйин, "Ғазалкент"даги рақобат ва Беҳруз Каримовнинг "Лугано"га ўтиши ҳақида

Iskandarov Abdulaziz
27 авг 2026, 14:30
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бўлажак расмий мусобақаларга тайёргарлик доирасида кореялик тенгқурларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди (1:0).

Беллашув якунига етгач, терма жамоа бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев учрашув таассуротлари, таркибдаги рақобат, жароҳатлар ва легионерларимиз ҳақида берилган саволларга батафсил жавоб қайтарди…

​— Жамолиддин ака, дастлаб Корея билан ўйиндан олинган хотиржам хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

​— Корея билан ўйинга келадиган бўлсак, икки жамоа учун ҳам саралаш турниридан олдин жуда фойдали беллашув бўлди. Ўйин темпи кутилганидек юқори кечди, айниқса иккинчи бўлимда. Футболчиларимиз терма жамоа йиғинига ҳар хил вақтда ва турли ҳолатда келиб қўшилишаётгани сабабли, баҳс жисмоний томондан бироз мураккаб кечишини кутгандик. Ҳатто айрим йигитлар шу ўйиндан сўнг сафимизга келиб қўшилишади. Тактик томондан ҳам ишлаш керак бўлган ҳолатларни аниқлаб олдик, бу яхши, албатта.

​— Жаҳон чемпионати мезбони ўзимиз. Бу олдиндаги расмий мусобақаларда руҳий томондан хотиржамликка олиб келмайдими? Умуман, саралашга жамоа қандай тайёргарлик кўрмоқда?

​— Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, бу ёшдаги энг муҳим мусобақа — бу юртимиз мезбонлик қиладиган ЖЧ ҳисобланади. Лекин бу мусобақагача бизни узоқ йўл ва муҳим мусобақалар кутиб турибди. Яъни Осиё Кубоги учун саралаш, насиб қилса Осиё Кубоги ва, албатта, ЖЧ. ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиб бўлганимиз хотиржамлик бермайди, аксинча, қайсидир маънода йигитлардан бироз босимни олиши мумкин. Лекин аниқ биламанки, футболчилар, штаб, барча-барча ҳар бир мусобақада, ҳатто халқаро ўртоқлик ўйинларида ҳам ўзларини бор кучлари билан, масъулият билан ҳаракат қилишади. Чунки ўртада Ватан шаъни туради.

​Саралаш турнирига 20 августдан Миллий терма жамоалар базасида йиғинни бошладик. Албатта, бу мусобақа ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги сабабли оптимал таркибни йиғишда муаммоларга дуч келяпмиз ва имкон туғилганда, ҳар қандай вазиятда терма жамоа шаънини биринчи ўринга қўйиб, бизга яқиндан ёрдам бериб келаётган клубларга миннатдорчилик билдираман.

​— Таркибда жароҳат олганлар йўқми?

​— Жароҳат сабаб таркибдан тушиб қолган бир футболчи — бу Сирожиддин Жумадуллаев. Айрим футболчилар жароҳатдан тузалишган, лекин жисмоний ҳолати оптимал эмас.

​— Кўпчилик "Ғазалкент"дан футболчи олинмаганини муҳокама қилди. Бу шунчаки рақобат билан боғлиқми ёки сиз уларни муносиб кўрмадингизми, ёки улар таркибга муносиб бўлса ҳам бошқа футболчиларни синаб кўрмоқчимисиз?

​— Нега энди, бизда Асилбек Абдурасулов бор — "Ғазалкент" футболчиси, 2-даврадан ижара асосида РФАда тўп тепишни бошлади. Сўнгги Иордания давлатида ўтган йиғинда эса "Ғазалкент"нинг икки футболчиси иштирок этди ва бу жамоанинг деярли ҳамма 2007/08 йилда туғилган футболчиларига терма жамоада ўз ўринлари учун курашиш имкониятини берганмиз.

​Ўйлайманки, бизда нафақат "Ғазалкент", балки бошқа жамоалар билан ҳам муаммо йўқ. Бу — терма жамоа, демак, рақобатда ютиб чиққан ва ҳозирги пайтда энг зўрлар ўйнайди, у хоҳ "Пахтакор", хоҳ “Яйпан” футболчиси бўлсин.

​— Беҳруз Каримов бу ёшда биринчи бўлиб миллий терма жамоада Жаҳон чемпионатида қатнашди. Уни "Лугано"га ўтганини қандай қабул қилдингиз? Беҳрузни кейинги йил U-20 Жаҳон чемпионатида кўришимиз мумкинми?

​— Беҳруз Каримов! У нафақат яхши футболчи, балки иродали, меҳнаткаш, камтар йигит. 2023 йилги U-17 ЖЧдаги ўйинлари ҳам кўрсатгандики, у жуда истеъдодли. Уни "Лугано"га ўтиш эҳтимоли катта эканини ўзидан эшитгандим ва бу ёшда доимий ўйин амалиёти бўлиши муҳимлиги ҳамда тўғри танлов экани ҳақида гаплашгандик.

​Албатта, U-20 терма жамоамизда барча футболчилар Беҳрузни жуда ҳурмат қилишади, ҳавас қилишади. Унинг жамоада бўлиши ҳар томонлама фойдали бўлади. Буни, албатта, вақт кўрсатади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia