Футзал бўйича янги мавсум старт олмоқда!

20 авг 2026, 22:13
Бугун мамлакат ХХХ миллий чемпионатига қуръа ташлаш маросимидан сўнг Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Олий лига клублари мутасаддилари, директорлари ва жамоа бош мураббийлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда юбилей — ХХХ миллий чемпионатга тайёргарликнинг энг муҳим масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Федерация раҳбари янги мавсум олдидан Олий лига иштирокчилари янги мақом, янгича ёндашув ва катта мақсадлар билан чемпионатга қадам қўяётганини таъкидлади. Айни пайтда деярли барча клубларнинг масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида қайта рўйхатдан ўтказилгани улар учун янги имкониятлар билан бирга, янада катта масъулият ҳам юклашини қайд этди.

Учрашув давомида клублар мутасаддиларининг фикр ва таклифлари тингланиб, мавсум олдидан мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Жамоалар таркиби, клубларда яратилган шарт-шароитлар, молиявий ва ташкилий масалалар, шунингдек, узоқ давом этадиган чемпионат баҳсларига тайёргарлик ҳолати юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Бугунги ислоҳотлар — эртанги натижалар пойдевори. Шу нуқтайи назардан, клубларнинг мустақил ва профессионал субект сифатида шаклланиши мамлакат футзали тараққиётида муҳим қадам сифатида баҳоланди.

ЎФФ раҳбари клубларнинг айни пайтдаги ҳолати ва мавсумга тайёргарлиги ҳақида етарлича ахборотга эга эканини таъкидлаб, барча жамоаларни юбилей чемпионатни юқори савияда ўтказишга чақирди.

Асосий мақсад — футзал ишқибозларига муросасиз курашларга бой, қизиқарли ва сифатли чемпионат тақдим этиш, клублар салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя этувчи терма жамоаларга муносиб захира тайёрлашдир, — деди Бекзод Маматқулов.

Шу билан бирга, клублар раҳбарлари ва мураббийларига ёш футзалчилар билан ишлашни янада кучайтириш, терма жамоаларга муносиб ўринбосарлар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этиш вазифаси юклатилди.

ХХХ миллий чемпионат — янги тарих, янги босқич ва янги масъулият!

Мақсад битта — Ўзбекистон футзалини янада юқори поғонага олиб чиқиш!

photo_2026-08-20_19-30-13 (2).jpgphoto_2026-08-20_19-30-13.jpgphoto_2026-08-20_19-30-14 (2).jpgphoto_2026-08-20_19-30-14 (3).jpgphoto_2026-08-20_19-30-14 (4).jpgphoto_2026-08-20_19-30-14.jpgphoto_2026-08-20_19-30-15 (2).jpgphoto_2026-08-20_19-30-15 (3).jpgphoto_2026-08-20_19-30-15.jpgphoto_2026-08-20_20-13-52.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Манба: https://t.me/Futsal_Uzbekistan