

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Баҳс қизиқарли кечди, яхши футбол гувоҳи бўлдик. Биринчи таймда ҳисобни очиб олдик, лекин хавфли вазиятларимиз иккинчи бўлимда кўпроқ бўлди. Футболда сен урмасанг, сенга уришади деган гап бор. Бугун шунинг гувоҳи бўлдик. Рақиб икки бор тўп киритиб ғалаба қозонди. Бизда эса вазиятлардан фойдаланиш борасида муаммолар кўринди. Энг катта муаммоимиз реализация бўлиб турибди.
- Аввалги ўйиндан кейин матбуот анжуманида жамоани йиғиш қийин кечаётгани, молиявий муаммолар борлиги ҳақида гапирдингиз. Бугунги ўйинга келиш қанчалик қийин бўлди?
- Ўйинга икки соат қолганида келдик. Яна гапирадиган бўлсам, муаммолар кўп, яхшиси жим турганим маъқул. Футболчиларимиз қийинчиликка қарамай футболни яхши кўришгани учун ҳам майдонда ҳаракат қилишяпти. Бунинг учун раҳмат. Ўйиндан ўйинга кўрсатаётган футболимиз яхшиланиб боряпти. Бугун ҳам ёмон ҳаракат қилмадик, фақат баҳс охирларида гол ўтказиб юбордик. Охирги 10-20 дақиқаликда жисмоний ҳолатимиз зўр эмаслиги панд бериб қўйяпти.
- Ўтган йил олийгоҳ томонидан жамоага эътибор юқори эди. Бу мавсум нимага эътибор сусайиб кетди?
- Ўтган йилнинг биринчи давраси биз жуда қийин ўтганди. Ҳатто сафар учрашувларига боришга пул тополмай қолганмиз. Шунда вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан жамоа Термиз давлат университети қарамоғига ўтказилди. Бошида эътибор юқори бўлди, ҳар ютуққа мукофот пуллари берила бошланди. Лекин бу йил смета бўйича муаммоми ёки бошқа сабабми, энди буни кўпроқ раҳбарлар билади, жамоамиз қийналиб қола бошлади. Мен фақат шароитимиз оғир дея оламан.
- Мавсум охиригача ҳали яна сафарда ўйинлар бор, уйда ҳам учрашувлар ўтказилади. Молиявий ҳолат нима бўлади?
- Ўзимизда "Қизириқ" жамоасининг раҳбари бор, шу киши ёрдам қўлини чўзаман деганлар. Балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар.
- Ҳатто Суперлигада бир неча ойлаб ойлик олмаган клублар бор. Сизнинг жамоангизда бу борада вазият қандай?
- Март-апрель-май ойлари учун ҳали ойлик олмадик, лекин яқинда июнь билан июлни олдик.
- Ғалаба учун мукофот пуллари борми?
- Йўқ. Фақат ойлик маош бор.
- Шундай ҳолатда жамоани қандай тортяпсиз?
- Футболчиларга нима дейиш керак бўлса, ҳаммасини айтиб бўлдик. Берадиган мотивациянинг ўзи қолмади. Биринчи даврадан бери фақат ўзинглар учун ўйнанглар, яхши ўйин кўрсатсангиз кучли жамоалар олиб кетади деймиз. Етти нафар ўйинчимиз кетган бўлса, шундан беш нафари яхши жамоага ўтди. Ким яхши ўйин кўрсатса, ўзига бошқа жамоа топади. Футболчиларга шундан бошқа мотивация бера олмаяпмиз.



