CIES келажаги порлоқ терма жамоалар рейтингини эълон қилди: Ўзбекистон 47-ўринда

Оқил Абдубарноев
26 ноя 2026, 20:00
Халқаро футбол тадқиқотлари маркази (CIES Football Observatory) 23 ёшгача бўлган футболчилар салоҳияти асосида келажакка энг яхши тайёрланган 80 та миллий терма жамоа рейтингини эълон қилди.

25 ноябрь куни тақдим этилган тадқиқотга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 66,3 балл билан жаҳонда 47-ўринни эгаллади.

Тадқиқотда ҳар бир мамлакатнинг 23 ёшга тўлмаган, миллий терма жамоада ўйнаш ҳуқуқига эга энг юқори кўрсаткичли 20 нафар футболчиси баҳоланган. Уларнинг сўнгги бир йил давомида катталар ўртасидаги расмий учрашувларда қанча вақт майдонда бўлгани ва ушбу баҳсларнинг спорт савияси инобатга олинган.

Ўзбекистоннинг энг юқори баҳоланган футболчиси Абдуқодир Ҳусанов бўлди. Англиянинг "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси 89,0 балл тўплади.

Шунингдек, ҳали миллий терма жамоада дебют қилмаган футболчилар орасида Сардорбек Баҳромов энг юқори кўрсаткичга эга бўлди. Унинг натижаси 69,9 баллни ташкил этди.

Осиё терма жамоалари орасида Япония 69,8 балл билан жаҳон рейтингида 33-ўринни эгаллади. Хитой 67,8 балл билан 39-ўринда, Жанубий Корея эса 65,4 балл билан 52-ўринда қайд этилди. Шу тариқа, Ўзбекистон Жанубий Кореядан юқори, Япония ва Хитойдан пастроқ жойлашди.

Умумий рейтингда Испания 84,2 балл билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларни Франция (81,0) ва Англия (80,9) эгаллади. Кучли бешликдан Аргентина (80,2) ва Италия (79,9) ҳам жой олди.

Маълумот учун, CIES рейтинги миллий терма жамоаларнинг ҳозирги ФИФА рейтинги ёки ёшлар ўртасидаги мусобақалар натижаларига асосланмайди. У ёш футболчиларнинг катталар футболида тўплаган ўйин тажрибаси ва иштирок этган мусобақалар савиясини баҳолайди.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›