Босниялик болбой Доннарумманинг "шпаргалка"сини ўғирлаб кетган экан

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
ЖЧ-2026 йўлланмаси учун кечган Босния ва Герцеговина ҳамда Италия ўртасидаги драматик баҳснинг пенальтилар сериясида яна бир ҳайратланарли воқеа юз берди.

Италиялик дарвозабон Жанлуижи Доннарумма нафақат рақибнинг қоғозини йиртди, балки ўзининг эслатмаларидан ҳам айрилди.

Италия терма жамоаси пенальтилар сериясида 1:4 ҳисобида мағлуб бўлиб, Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолди. Эътиборлиси, Доннарумма серия давомида бирорта ҳам зарбани қайтара олмади.

"SportSport" нашрининг хабар беришича, майдон четида тўп узатиб турган босниялик болакай (болбой) қулай фурсатдан фойдаланиб, Доннарумманинг ёнидаги қоғозни ўғирлаб кетган. Ушбу қоғозда босниялик футболчилар пенальтини қайси томонга тепиши ҳақидаги кўрсатмалар ёзилган эди. Шундан сўнг "Манчестер Сити" посбони қаттиқ асабийлаша бошлагани ва ўзини йўқотиб қўйгани кузатилган.

Кўриниб турибдики, боснияликлар нафақат майдонда, балки унинг атрофида ҳам италянлардан устун келишди. Бу воқеа Италия футболи тарихидаги энг омадсиз ва машъум кунлардан бири сифатида мухлислар ёдида қоладиган бўлди.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: SportSport