

Жамоани Самвел Бабаян қабул қилиб олди, тажрибали маҳаллий ўйинчилар ва ном жиҳатдан қизиқ легионерлар билан шартномалар имзоланди. Бироқ етти турдан сўнг "Андижон" бор-йўғи олти очко жамғариб, турнир жадвалида айни пайтда 12-ўринни эгаллаб турибди. Кеча эса Самвел Бабаян бош мураббийлик лавозимини тарк этгани маълум бўлди.
Хўш, 2026 йилги мавсум стартида "Андижон"нинг муваффақиятсизликка учрашига нималар сабаб бўлди?
1-сабаб: ўта юқори умидлар
Биринчи ва, эҳтимол, энг асосий сабаб – бу ўта юқори умидлардир. "Андижон" 2024 йил Ўзбекистон кубогини қўлга киритганидан сўнг, клуб ва вилоят раҳбарияти Суперлигадаги мавқеини мустаҳкамлашни мақсад қилганди. Шу билан бирга, "Андижон" молиявий шароитлар борасида мамлакатнинг етакчи клубларидан ҳамон ортда қолаётган эди.
Ўтган йилнинг охиридаёқ "Андижон" юқори даражада ўйнаган тажрибали футболчиларни – Черан, Голбан, Тўхтахўжаев, Турғунбоев, Болтабоев, Боакьеларни ўз сафига қўшиб олаётгани маълум бўлди. Бундай футболчилар кам пулга эвазига ўйнамаслиги аниқ. Championat.Asia маълумотларига кўра, Боакьенинг йиллик маоши 400 минг долларни (ойига 33 минг доллар) ташкил этади.
Шу тариқа, молиявий жиҳатдан "Андижон" Суперлига етакчиларига яқинлашди. Бироқ катта миқдордаги сармоялар деярли ҳар доим натижалардан юқори умидлар кутилишига олиб келади. Қолаверса, бу натижалар қисқа муддатда талаб қилинади. Буларнинг барчаси дастлабки муваффақиятсизликлардан сўнг жамоага руҳий томондан босим ўтказди. Чунки бир нарсадан умид қилишганди, аммо мутлақо бошқача натижага эришилди.
2-сабаб: "агрессив" селекция
"Андижон" қишки трансфер ойнасида Суперлиганинг энг фаол клуби бўлди. Қарийб 20 нафар футболчи билан шартнома имзоланди.
Аслида, мутлақо янги жамоа тузилганди. 2025 йилги мавсумдаги "Андижон"дан деярли ҳеч нарса қолмади. Ўтган йилги таркибга нисбатан ҳозир "Андижон"да фақат саккиз нафар футболчи қолган: Элдор Адҳамов, Абдувоҳид Ғуломов, Муҳаммадкарим Тоиров, Абдураҳмон Комилов, Дамир Темиров, Усмонали Исмоналиев, Дониёр Абдуманнопов ва Сардор Азимов. Улардан фақат уч нафари – Темиров, Исмоналиев ва Абдуманнопов етарлича ўйин амалиётига эга бўлмоқда.
Бундай кескин ўзгаришлар ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Деярли барча шаклланган ўзаро боғламлар бузилди, янгиларини эса уч-тўрт ой ичида яратиш жуда қийин. "Андижон" жамоа эмас, балки бир-бирини деярли тушунмайдиган ўйинчилар тўплами эди. Таққослаш учун: "Нефтчи", "Насаф" ва "Пахтакор" таркиблари 2-3 йил давомида шаклланган. Кимдир жамоага келган, кимдир кетган, аммо жамоа ўзаги деярли аввалгидек сақланиб қолган. Уларда мавсумолди тайёргарлик вақтида "Андижон"даги каби жиддий ўзгаришлар кузатилмаган эди.


3-сабаб: етакчиларнинг ёмон спорт формаси
"Андижон" ижрочиларнинг маҳорати эвазига керакли очколарни бемалол "йиғиб олиши" мумкин эди. Тўғри, жамоа шаклланиб улгурмаган, аммо таркибда оғир дамларда жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган тажрибали футболчилар бор эди.
Дарвозабон Раҳимжон Давронов "бартараф этилган голлар" кўрсаткичи бўйича Суперлигадаги энг ёмон дарвозабонлардан бири бўлиб турибди (-0,74). Камида бешта ўйин ўтказганлар орасида фақат Ўткир Юсупов (-1,6), Эдем Неманов (-1,5) ва Никола Стошич (-1) ундан ёмонроқ натижа қайд этган.
Ҳимоячилар Неманья Чаласан ва Игорь Голбан ҳам 90 дақиқа ичида мудофаадаги муваффақиятли ҳаракатлар сони бўйича Суперлиганинг энг ёмон ҳимоячилари рўйхатига киритилган (6,8 ва 5,9).
Ҳужум чизиғи вакилларида ҳам кўрсаткичлар унчалик юқори эмас. Драган Черан ҳужумдаги муваффақиятли ҳаракатлари сони бўйича Суперлигада 94-ўринда бормоқда (1,06). Бу кўрсаткичга дарвозага аниқ зарбалар ва узатмалар ҳамда муваффақиятли алдаб ўтишлар киради. "Андижон"дан ушбу статистика бўйича лиганинг энг яхшилари қаторига фақат Имеда Ашортия кирган (3,45 – 23-ўрин). Мартин Боакье 6 та ўйинда дарвоза томон бор-йўғи 6 та зарба йўллаган. Бу Суперлига ўйинчилари орасида 62-ўрин демакдир.
4-сабаб: омадсизлик
Самвел Бабаян ОКМКдан учралган мағлубиятдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида жамоасига дастлабки турларда омад кучли даражада етишмаганини таъкидлади. Қисман шундай: WyScout маълумотларига кўра, “Андижон” “кутилаётган очколар” (xG) бўйича 9,9 кўрсаткич билан лигада тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Аслида, жамоа ҳозиргидек 6 очко эмас, балки 10 очкога етадиган ўйин кўрсатди. Худди шу ҳолат кутилаётган ўтказиб юборилган голлар (xGA) бўйича ҳам кузатилади – 9 та гол ўтказилган бўлса-да, бу кўрсаткич 4,9 ни ташкил қилмоқда. Бу шуни англатадики, "Андижон" керагидан деярли икки баравар кўп гол ўтказиб юборган. Аммо бу ерда дарвозабон ва ҳимоя чизиғининг омили ҳам катта рол ўйнайди. Улар бир неча бор хатога йўл қўйишди ва рақибга белгиланганидан кўпроқ гол уришга "ёрдам" беришди. Шу билан бирга, "Андижон" кутилаётган голлар (xG) бўйича Суперлигада 14-ўринни эгаллаб турибди – 5,5. Бироқ андижонликлар 8 та гол уришга муваффақ бўлишган. Яъни кутилганидан кўпроқ гол уришди.
5-сабаб: мухлислар омили
Бир қарашда унчалик сезилмайдиган яна бир омил – бу мухлислардир. "Андижон" ишқибозлари жамоа ўйинига таъсир кўрсата олишади. "Бобур Арена" жамоани тинимсиз олдинга чорлаётган бир пайтда ҳимоявий ўйин кўрсатиш жуда қийин.
Ўтган мавсумда биз бир қатор муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг "Андижон" мухлислари қандай қилиб бойкот эълон қилганини кўргандик (ўшанда жамоани Максим Шацких бошқараётган эди). Стадионга мухлислар ташрифи кескин "тушиб кетди" – 14–15 мингдан 3–4 минггача.
"Андижон" мухлислари – клубнинг ўзига хос ташриф қоғози бўлиб, у ҳатто мамлакат ташқарисида ҳам кенг танилмоқда. Фан-клуб раҳбарият қарорларига ҳам бевосита таъсир ўтказа оладиган ҳақиқий кучга айланган.
Николай Егоричев



